Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг ADEL платформасига “Париж-2024” Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун антидопинг қоидаларининг ўзбек тилидаги варианти юкланди.
Эндиликда мамлакатимиз спортчилари, мураббийлар ва спорт жамоатчилиги вакиллари, шунингдек, дунёда ўзбек тилида сўзлашувчи барча инсонлар WADA коммуникация тизимларининг тегишли ҳаволаси орқали ёзги Олимпия ўйинларида допингдан ҳимояланиш хусусидаги маълумотлар, керакли дастурлар билан танишиши, зарур кўрсатмаларга эга бўлиши мумкин бўлади.
Шунингдек, “Париж-2024” Олимпия ўйинлари йўлланмаларига эга спортчилар ва уларнинг мураббийлари мусобақаларда қўлланилиши тақиқланган воситалар хусусидаги батафсил маълумотларни олишлари ва якунда WADA томонидан тақдим этиладиган сертификатни юклаб олишлари учун кенг имконият яратилди.

Жорий йил май ойида пойтахтимиз Тошкентда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WАDА) Осиё ва Океания мамлакатлари вазирларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши давомида Бутунжаҳон антидопинг агентлиги ва Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда WАDА тизимидаги расмий ҳужжатлар ўзбек тилида ҳам олиб борилиши белгиланган. Шу асосда WАDАнинг ADEL платформасига “Париж-2024” Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун антидопинг қоидаларининг ўзбек тилидаги маълумотлари жойлаштирилди.
Бугунгача инглиз ва француз тилларида тақдим этилиб келинаётган WАDА қоидалари, унинг тегишли кодекслари, зарур маълумотлари ўзбек тилида ҳам юритилиши сари дадил қадам ташланди.
Таълим, допингга қарши кураш, терапевтик истиснолар каби стандартлар бундан кейин WАDАнинг интернет тармоқларида ўзбек тилида бериб борилиши имзоланган келишув ҳужжатида ўз аксини топган.
Т.Рўзиев,
ЎзА