Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вояга етмаганлар жиноятчилигининг сабаблари нимада?
15:59 / 2022-05-29

Ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имконият яратувчи сабаблар ва омиллар муаммоси ҳар қандай криминологик тадқиқотда у ёки бу тарзда кўриб чиқилади, чунки у криминологиянинг муҳим муаммоларидан биридир. Уни илмий ўрганиш нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга ҳам эга.

Жиноят сабаблари нима-ю, унинг омиллари деганда нимани тушуниш лозим, деган масала бизнинг криминологик адабиётларимизда, афсуски, ҳанузгача аниқ ҳал қилинмаган. Аксарият ҳолларда бу тушунчалар адаштирилади ёки бир-бирига тенглаштирилади. Айтилган ҳолатлар вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларининг сабаблари ва омиллари муаммосига ҳам тааллуқли. Ушбу масалага нисбатан ҳар хил ёндашувлар мавжуд.

Айрим олимлар вояга етмаганлар жиноятчилигининг сабаблари жумласига қуйидагиларни киритади: яшаш, ўқиш ёки иш жойидаги муҳитнинг салбий таъсири; ўқишни ташлаб кетган ўсмирлар узоқ вақт муайян иш билан шуғулланмаслиги; ўсмирнинг нотўғри тарбияланишини белгиловчи шарт-шароит омиллари; ёши катта жиноятчиларнинг далолатчилиги; зўравонлик ва қонунсизликни ифодаловчи китоблар ва фильмлар таъсири. Вояга етмаганлар жиноятчилигининг омиллари сифатида қуйидагилар қайд этилади: назоратсизлик; умумий таълим мактаблари ва коллежларда таълим-тарбия ишларида мавжуд камчиликлар; ишга жойлаштиришда ҳамда ишлаб чиқаришда тарбия ишларини ташкил этишда мавжуд камчиликлар; маданий ҳордиқ чиқаришни ташкил этишдаги камчиликлар; вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олиш ҳамда унга қарши бевосита кураш олиб бориш вазифалари зиммасига юкланган органлар фаолиятидаги камчиликлар.

Айримлар вояга етмаганлар жиноятчилигининг сабаблари қаторига қуйидагиларни киритади: ўсмирнинг кайфияти ва руҳиятига таъсир кўрсатувчи ҳаётдаги муваффақиятсизликлар; маънавий ва ахлоқий мўлжалларнинг беқарорлиги; шахслар жиноий гуруҳи билан яқин алоқада бўлиш ёки муайян шароитда улар ўсмирга салбий таъсир кўрсатиши; руҳиятининг айрим хусусиятлари; оила ёки жамоадаги ноқулай шарт-шароитлар.

Бундан ташқари вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган турли-хил хуқуқбузарликларга биринчи навбатда, уша шахсда ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги ҳам сабабдир. Ҳуқуқий онги, тарбияси ва ҳуқуқий маданияти етук булмаган вояга етмаган шахс жамиятда амалга ошираётган айрим салбий ҳаракатларни ҳуқуқбузарлик эканлигини тушунмайди. Масалан, вояга етмаган ўсмир майда ўғирлик ҳуқуқбузарлик эканлигини, бунинг оқибатида жавобгарлик масаласи борлигини ҳуқуқий онги ҳуқуқий маданияти етишмаслиги ва ҳуқуқий тарбияга эга эмаслиги учун билмайди. Натижада анашундай майда ҳуқуқбузарликлар урнини катта жиноятлар эгаллайди.

Шунинг учун жамиятимизда руй бераётган ҳуқуқий ўзгаришлар ва ҳуқуқий тарбия билан боғлиқ бўлган масалалар ёшларга ўз вақтида етиб бориши керак. Яьни, ёшлар жиноят содир этгандан кейин эмас, балки шахснинг жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида бу борада кўплаб маьлумотга эга булиши лозим. Сир эмаски, ўсмирлар бу борадаги жиноий жавобгарлик, жазо чоралари тўғрисидаги маьлумотларни фақат жиноят содир этганларидан кейингина ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимларидан эшитиб, тушиниб олишади.

Вояга етмаганлар жиноятчилиги катталар жиноятчилиги билан бир хил сабабларга эга, бироқ уларнинг ёшлар ва вояга етмаганлар жиноятчилигига таъсир кўрсатиш механизми анча фарқ қилади. Бу сабаблар шахснинг шаклланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Мазкур тарбия ташкилий ва стихияли жиҳатларни, тарбия ҳамда тегишли ижтимоий амалиёт таъсирини ўз ичига олади.

Вояга етмаганлар жиноятчилигининг шароити деганда улар содир этадиган жиноятларнинг пайдо бўлиши, ўзгариши ёки барҳам топиши билан боғлиқ омиллар йиғиндиси тушинилади. Мазкур шароит ҳисобланувчи имкониятларнинг ( омилларнинг) ҳақиатга айланишини таъминловчи, яъни оқибатни келтириб чиқарувчи элемент сабаб ҳисобланади.

Вояга етмаганлар жиноятчилиги, ҳуқуқбузарлигини аниқлашда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий структураси, мазкур структурани келтириб чиқарадиган алоқа ва муносабатлар билан бирга жамиятнинг ахлоқий – тарбиявий муҳити, вояга етмаганлар ижтимоий – руҳий ҳолатининг ўзига хосликлари алоҳида эътиборга олиниши мумкин.

Вояга етмаганлар жиноятчилигини ўрганишда шароит ва сабабларни ўрганишда микромуҳитнинг ролига ҳам эътибор қаратиш лозимдир. Микромуҳитни ўрганишнинг муҳимлиги шундаки, ҳар бир ўсмир ўзи яшаётган макон микромуҳитида шакилланади.

Микромуҳит доирасига оила, таниш – билишлар, қўшнилар, ўртоқлар, иш жойи, кабилар кириб, улар вояга етмаган ўсмирларнинг шахс сифатида шакилланишининг энг муҳим фактори ҳисобланади.

Шунингдек, вояга етмаганлар жиноятчилигининг шароит ва сабабларини аниқлашда шахснинг генетик хусусиятларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Генетик хусусиятлар ҳеч қачон вояга етмаганлар жиноятчилигининг сабаби бўлмаса-да, лекин криминоген микромуҳитда ўсмирдаги ёмон сифатларнинг ривожланиши учун қулай шароит вужудга келтиради.

Умумий олиб қараганда, вояга етмаганлар жиноятчилигининг сабаблари катта ёшдагилар жиноятчилигига таъсир қиладиган сабаблар ҳисобланади.

Криминологик олимлар вояга етмаганлар жиноятчилигининг сабаблари сифатида қўйидаги ҳолатларни кўрсатиб ўтадилар: оиладаги ва турмишдаги салбий таъсирлар; носоғлом турмиш тарзи; ёмон хулқли шахслар билан алоқада бўлиш; ўқимайдиган вояга етмайдиганларнинг ўзоқ вақт мобайнида муайян фойдали машғулот билан шуғилланмаганлиги; ўсмирнинг нотўғри қабул қилишга сабаб бўладиган холатларнинг вояга етмаган шахсида жуда қийин кечиши; катта ёшдаги жиноятчилар томонидан ҳуқуқбузарликларга ва турли ғайриижтимоий хатти- ҳаракатларга жалб қилиниши; зўрлик ишлатишлар ёзилган турли китоб ва видеофильмларнинг таъсири; ҳаётдаги омадсизликлар ва ахлоқий эътиқодларнинг турғун эмаслиги; руҳий ҳолатдаги айрим сифатлар; айрим ҳаракатларга нисбатан романтик қарашлар ва шундай ҳаракатларни содир этишга мойилликнинг кучайишидир.

Вояга етмаганлар жиноятчилигининг бошқа сабабларига боланинг кайфияти ва руҳий ҳолатига таъсир қиладиган ва муайян из қолдирадиган ҳаётдаги омадсизлик; аҳлоқий ва этик эътиқодларининг турғун эмаслиги, жиноий гуруҳлар билан бевосита алоқада бўлиш ёки муайян шароитларда бундай гуруҳ аъзоларининг болага таъсири, руҳий ҳолатдаги айрим сифатлар, айрим ҳаракатларга нисбатан романтик қарашлар ва шундай ҳаракатларнинг содир этишга мойилликнинг кучайиши кабиларни айтиш мумкин. Ўсмирлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқ бўзишларнинг сабаблари оиладаги, турмушдаги, жамоадаги носоғлом муҳит кабилар бўлиши мумкин. Лекин бундай ҳолатлар болага ҳуқуқ бўзишларнинг сабаби сифатида фақат муайян шароитлардагина таъсир қилиши мумкин, яъни вояга етмаганларнинг иродаси бўш ёхуд ўз ижтимоий-этик ҳаракатларини назорат қилолмаслиги мумкин.

Вояга етмаганлар жиноятчилигининг сабаблари катта ёшдагилар жиноятчилигига таъсир қиладиган сабаблар ҳисобланади. Аммо бу сабаблар вояга етмаганлар шахсига таъсир қилиш механизми билан фарқ қилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, бу сабаблар вояга етмаганларнинг шахс сифатида шаклланишининг ғоят муҳим босқичида таъсир қилади. Бундай шаклланиш ташкилий ва стихияли бўлади. Булар тарбиялаш ва муайян ижтимоий амалиёт таъсиридан иборатдир.

Ўразалиев Муродбек Кораевич

Тошкент давлат юридик университети

Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга

қарши курашиш кафедраси профессори, ю.ф.д.