Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида таълим соҳаси мутахассислари, масъул органлар вакиллари иштирокида навбатдаги ўқув-амалий йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда марказ фаолияти, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда қатнашган вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари учун марказдаги кундалик жараёнлар, вояга етмаганларни қабул қилиш, улар билан психологик-педагогик ишлаш тартиби борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Марказ фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган назоратсиз, қаровсиз қолган, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга кеча-кундуз ёрдам кўрсатади.

Йиғилиш давомида вояга етмаганларни эрта аниқлаш, маҳалла, таълим муассасалари, инспектор-психологлари ҳамда профилактика инспекторлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини кучайтириш, назоратсиз қолиш хавфи бўлган болалар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш бўйича янги таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Шунингдек, марказдан чиққан болаларни ижтимоий мослаштириш, уларнинг таълим жараёнига қайтишини таъминлаш, психологик қўллаб-қувватлаш хизматларини янада кенгайтириш ҳақида сўз юритилди.

Тадбир якунида йиғилиш иштирокчилари томонидан марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳага доир ишларни тизимли равишда кучайтириш, вояга етмаганлар билан ишлашда профилактик, комплекс ёндашувларни кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.