Пойтахт ҳокимлигида Тошкент шаҳар прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда туман болаларни ҳимоя қилиш шўъба мудирлари иштирокида вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги “Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мазкур Низом вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартибини белгилайди. Жамоат тарбиячиларининг асосий вазифаси назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаган шахслар билан якка тартибда ишлаш, шунингдек, уларнинг ота-онасига (ёки ўрнини босувчи шахсларга) вояга етмаган шахсларни тарбиялашда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Шунингдек, жамоат тарбиячиси фаолияти бола билан ишлашда индивидуал ёндашув ҳамда ихтиёрийлик асосида беғараз амалга оширилади.
Тадбир доирасида масъулларга назоратсиз ва қаровсиз қолган, ҳуқуқбузарлик содир этган вояга етмаган болалар билан якка тартибда ишлаш, вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларга белгиланган муддатда жамоат тарбиячиларини тайинлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Вояга етмаганлар билан ишлашда, ота-онасига уларни тарбиялашда амалий ёрдам кўрсатган, ижобий натижаларга эришган жамоат тарбиячиларини рағбатлантириш чораларини кўриш муҳокама қилинди.
Болалар масалалари бўйича туман комиссия фаолиятини тизимли ташкил этишда вазифалар берилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА