Сирдарё вилоятида вояга етмаган икки нафар фарзанднинг келажаги кафолатланди. Аниқроғи, алимент мажбуриятини бажариш масаласи болалар манфаатларини устувор қўйган ҳолда ҳал этилди — ота ўз фарзандларига уй-жой тақдим қилди.
Маълум қилинишича, суд қарорига асосан Сирдарё туманида яшовчи фуқародан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган бўлиб, мазкур қарор ижроси Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё тумани бўлими томонидан назоратга олинган.
Давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари, шунингдек, томонлар ўртасида ўтказилган тушунтириш ишлари ва ўзаро келишув натижасида ота алимент тўловини вояга етгунга қадар амалга ошириш ўрнига, Сирдарё тумани Ширин маҳалласида жойлашган, умумий ер майдони 6 минг квадрат метр бўлган уй-жойни фарзандлари манфаати учун уларнинг онаси номига нотариал тартибда расмийлаштириб берди.
Қайд этилишича, мазкур келишув болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлиб, у қонун талабларига тўлиқ мувофиқ равишда амалга оширилди. Шу тариқа, ундирувчи томон алимент ундиришдан воз кечиб, ижро иши белгиланган тартибда тамомланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири