Россия-Украина
Ғарб Украинани Россия билан музокара ўтказишга мажбурламаслиги керак, аммо ҳозирнинг ўзидаёқ тинчлик жараёни қандай бўлиши тўғрисида ўйлаб кўриши керак. Бу ҳақда Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси собиқ раҳбари Вольфганг Ишингер “Tagesspiegel” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтган. У эҳтимолий музокарада муҳим ўрин тутиши мумкин бўлган “воситачилар гуруҳи тузиш” таклифини билдирди.
“Бу гуруҳга Буюк Британия, Германия, АҚШ ва Франция кириши керак. Кейин БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, НАТО ҳамда Испания, Канада, Польша, Болтиқ бўйи давлатлари қўшилиши мумкин”, деди Ишингер.
Украина Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвилини Тбилисига юбориб, мамлакатни беқарорлаштириш ва ҳарбий ҳаракат бошлашни режалаган. “IMEDI” телеканали мухбири билан суҳбатда Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили шундай баёнот берди.
“Украинада зиддият 2021 йил ноябрда бошланиши керак эди. Бу ҳақда бизда аниқ маълумот бор. Саакашвили Грузияга 1 октябрда етиб келди”.
Шунингдек, Гарибашвили Украина Президенти Владимир Зеленский ва мамлакатнинг бошқа сиёсатчиларини Тбилисидаги намойишни қўллаб-қувватлагани учун қоралади.
Чехия Президенти Петр Павел ва Зеленский телефон мулоқоти чоғида ўзаро чех етакчисининг апрель ойида Украинага ташриф буюришини келишиб олишди. Бу ҳақда Чехия раҳбари матбуот котиби Маркета Ржегакова маълум қилди.
“Politico” газетаси ўз манбасига таяниб, Қўшма Штатлар ва Киев ҳукумати ўртасида Украина атрофидаги зиддият масаласида келишмовчилик кучайиб бораётганини ёзган. Мақолада “Америка-Украина муносабатида “кичик норозилик” бошланди, икки давлатнинг ораси “аста-секин бузилмоқда”, дея таъкидланган.
Германия Вазирлар Маҳкамаси ўзи юрар “Panzerhaubitze-2000” артиллерия ускунасини сотиб олиб, Киевга бермоқчи, деб хабар берди “Bild am Sonntag” нашри.
“Гап қиймати 154.7 миллион еврони ташкил этадиган ўн дона шундай машина ҳақида кетяпти”, дейилади хабарда.
Италия Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни “Radio-24”га интервьюсида Ғарб Украинага ҳарбий қўшин юбориши муҳокама қилинмаганини айтди.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Германияда вақти-бемаҳал ўтаётган ҳарбийларга қарши намойишларни танқид қилиб чиқди. Бу ҳақда “Bild am Sonntag” хабар берди.
“Ҳукуматни бизга қурол-аслаҳа етказиб беришни тўхтатишга чақириш ўрнига, Россияни ҳарбий амалиётдан воз кечишга даъват қилиш керак”, деди вазир. Кулеба, шунингдек, Ғарб яқин орада Украинага қирувчи учоқлар етказиб беришига шубҳа билдирди.
“Бунинг учун аввало логистика ва техника масаласини ҳал этиш керак. Қолаверса, украиналик учувчиларни тайёрлаш ҳам анча вақт олади”, деди у.
Аброр ХОН, ЎзА