Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Волонтёрнинг вазифаси нимадан иборат?
13:58 / 2023-05-04

Дунёда волонтёрлик фаолияти ривожланиб бораётганини истисно этмаган ҳолда айтиш мумкинки юртимизда ушбу замонавий ижтимоий ҳаракат азалдан чуқур илдиз отган.

Ҳозирги вақтда ер юзида 100 га яқин мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Улар давлатлар томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги боис, кўнгиллилар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланмоқда. Волонтёрлик фаолияти инсонга олдингиларга ўхшамаган кучли ишонч ва шукроналик ҳиссини тақдим этади. Баъзи ҳолларда волонтёрлик фаолияти инсоннинг ҳаётдаги яшаш мақсадини англашга ва кейинги режаларини аниқлаштириш имконини ҳам бериши мумкин.  

Мамлакатимизда 2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида” ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, волонтёрлик фаолиятининг мақсадлари жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборатдир. Волонтёрлик фаолиятининг вазифалари эса фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш механизмларини шакллантириш, ижтимоий вазифаларни ҳал этишда жамиятга ёрдам кўрсатиш, волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, аҳолида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш, фуқаролар томонидан ижтимоий вазифаларни ҳал этиш учун ўзини ўзи намоён этиш ва ўзини ўзи ташкил этиш кўникмаларини олишдан иборат. Волонтёрлик фаолияти қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик принципларига асосланади.  

Юртимизда кўплаб волонтёрлик гуруҳлари мавжуд бўлиб, уларнинг катта қисмини ёшлар, асосан, университет ва институт талабалари ташкил этади. Кўнгилли ёшлар волонтёрлик йўналишларини танлашда ўз соҳаларига яқин ёки келажакдаги режалари билан боғлиқ йўналишларни танлашга эътибор бериши мумкин. Албатта, кейинчалик бундай фаолият уларда керакли кўникмаларни ривожлантиришда ёрдам беради. Ҳаттоки, фаолият тури кўнгилли мутахассислиги билан боғлиқ бўлмаган тақдирда ҳам унда лидерлик, мулоқот қилиш, очиқ фикрлаш каби ҳар қандай соҳа учун керакли кўникмаларни ҳосил қилишга замин яратади.  

Серғайрат ёшлар орасида Бухоро давлат университети талабалари ҳам бор. Олийгоҳда 2022 йил 17 октябрь куни волонтёрлик маркази очилди. Марказда “Маънавий-маърифий, спорт ва оммавий тадбирлардаги волонтёрлик”, “Ижтимоий волонтёрлик”, “Эко волонтёрлик”, “Таржимон волонтёрлик”, “Медиа волонтёрлик” йўналишлари мавжуд. 100 га яқин талабалар фаолият юритмоқда. Университетда волонтёрлик маркази ташаббуси маънавий-маърифий тадбирлар, меҳр-саховат, интеллектуал, ақлни чархловчи лойиҳалар, спорт мусобақалари, китобхонлик танловлари ўтказилиб келинмоқда. Иқтидорли талабалар университет, вилоят, республика ва халқаро танловларда фахрли ўринларни эгаллаб, муносиб рағбатлантирилмоқда.  

Бухоро давлат университети волонтёрлик маркази ва МИРЭА – Россия технологик университети волонтёрлик маркази ўртасида ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад иқтидорли ва ташаббускор талабаларни замонавий илм-фан соҳасига жалб этиш, волонтёрлик ҳаракатини кенгайтириш, ёшларда етакчилик, лидерлик ҳамда креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш вазифаларини ўз ичига олади.  

Бундан ташқари, Республика миқёсида Самарқанд давлат чет тиллари институти волонтёрлар жамоаси билан ҳам дўстона ҳамкорлик ишлари давом этиб, лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биз волонтёрларнинг асосий мақсадимиз рақобат эмас, балки инсонларга яхшилик қилиш, ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш, жамиятда лоқайдлик ва бепарволик каби ёмон одатларни олдини олишдир.  

Рустамжон Раҳимбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

Ёшлар парламенти аъзоси,

Бухоро давлат университети талабаси,

Волонтёрлик маркази бош координатори.

ЎзА