English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Волонтёрлар форуми” доирасида ўтказилган акцияларда ёшлар фаол иштирок этди
16:07 / 2020-12-09

Ўзбекистон Ёшлар агентлиги Навоий вилоят бошқармаси ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан “Биз – биргамиз” шиори остида “Волонтёрлар форуми” ташкил этилди.

Форум доирасида кўнгиллилар иштирокида “Мен донорман”, ёшлар иштирокида спортнинг шахмат, шашка, футбол турлари бўйича “VOLUNTER CUP” спорт мусобақаси, Навоий шаҳри ва Кармана туманидаги мактаб интернати ҳамда уйда таълим олувчи ўқувчилар иштирокида “Биз бир сафдамиз”, қаровсиз ва ёлғиз кексалар холидан хабар олиш, уларнинг уй ишларига ёрдамлашиш ва уларни бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида “Меҳрибон қалблар”, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари иштирокида “Биз биргамиз” лойиҳалари, юрак хасталигига чалинган болаларни даволатишга қаратилган “Меҳрибон юрак - 3” хайрия акцияси, ёшлар ташкилотидан раҳбарлик лавозимига кўтарилган инсонлар иштирокида “Волонтёрликдан мувафаққият сари” мавзусида учрашувлар ўтказилди.

Маълумки, волонтёрлар кўнгилли тарзда инсонлар ва жамият учун манфаатли бўлган, фаолиятида аниқ мақсадга эга бўлган гуруҳлар ҳисобланади.
Юртимизда ҳам ушбу ижтимоий ҳаракатнинг турли кўринишлари мавжуд бўлиб, унинг қонуний асослари белгиланган. 2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолиятдир.

– Кам таъминланганларни, ишсизларни, кўп болалиларни ва бошқа шу каби шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ёрдам кўрсатиш волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш йўналишларидан биридир, – дейди форум координатори Лазиз Қаюмов. – “Меҳрибон қалблар” лойиҳаси доирасида 20 нафар қаровсиз ва ёлғиз қолган кексалар ҳолидан хабар олиниб, ушбу жараёнларда 75 нафар кўнгилли ёшлар ва 20 нафар шифокор ва ҳамширалар иштирок этди. 

Форум доирасида “Мен донорман” шиори остида қон топшириш акцияси ташкил этилиб, унда 50 нафардан зиёд турли соҳа вакиллари ва кўнгиллилар иштирок этишди. 


“Биз – биргамиз” шиори остида ўтказилган иккинчи “Волонтёрлар форуми” якунида фаол иштирок этган, мусобақаларда ғолиб ва совриндор боълган волонтёрлар тақдирланди. Шунингдек, Навоий давлат педагогика институти талабалари Муҳаммадали Холмуродов “Йилнинг энг яхши волонтёри”, Акмал Зокиров “Йилнинг энг яхши ташаббускори”, Навоий давлат кончилик институти ёшлар етакчиси Фируз Пирназаров “Йилнинг энг яхши лойиҳа муаллифи” каби номинацияларга лойиқ кўрилди.

 


       Абдували БЎРИЕВ, ЎзА