Ёшлар ишлари агентлиги томонидан пойтахтимиздаги бир гуруҳ волонтёр ёшлар иштирокида “Таскин” хосписида даволанаётган болажонлар учун хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Маълумки, “Таскин” хосписи – мамлакатимиздаги бедаво дардга чалинган ва ўта оғир беморлар ҳамда уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ягона даволаш маскани ҳисобланади.
Хоспис айни дамда 20 нафар беморга мўлжалланган бўлиб, бемор бола ва унинг оила аъзоларига ижтимоий-психологик мадад беради.



Болалар хосписи ходимлар жамоаси Исроил элчихонасининг МАШАВ ташкилоти ва “Езгу амал” жамоат фонди томонидан уюштирилган махсус тренингдан ўтган профессионал ходимлардан тузилган.
Хосписда ташкил этилган хайрия тадбири давомида волонтёр ёшлар билан бир сафда юртимизнинг таниқли эстрада хонандалари ва блогерлар ҳам иштирок этди.
Волонтёрлар томонидан ташкил этилган ушбу хайрия тадбирлари республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиши белгиланган.
Гулноза Бобоева, ЎзА