Волейболчи талабалар “Ректор кубоги” учун майдонга чиқди
Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақалари доирасида спортнинг волейбол тури бўйича талабаларнинг “Ректор кубоги” беллашуви бўлиб ўтди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган мусобақада олий таълим муассасаси факультетларининг ўғил ва қиз талабалар терма жамоалари ўзаро беллашди.



Қизиқарли ва муросасиз баҳсларнинг ўғил болалар ўртасидаги мусобақасида педагогика факультети волейболчи талабалари биринчи, тадбиркорлик ва бошқарув факультети иккинчи, аниқ ва табиий фанлар факультети жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди. Қизлар ўртасидаги беллашувда фахрли биринчи ўрин филология факультети жамоасига насиб этди. Аниқ ва табиий фанлар факультети иккинчи, педагогика факультети талабалари учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар кубок, диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири