Малдивда волейбол бўйича аёллар жамоалари ўртасида ўтказилаётган “CAVA-2025” турнирида Эрон, Шри-Ланка, Непал, Қозоғистон, Ўзбекистон, Малдив каби давлатларнинг 7 та жамоаси “А” ва “Б” гуруҳларида ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Турнирнинг “Б” гуруҳидан жой олган Ўзбекистоннинг “Ҳумо” жамоаси ўтказилган иккита учрашувда ҳам имкониятни бой берди.
Дастлабки кунги баҳсларда Непалнинг “NPC”жамоаси билан кечган 1 соат, 53 дақиқалик курашда ҳамюртларимиз 1:3 ҳисобида рақибларига мағлуб бўлди.

Учрашув ҳар жиҳатдан шиддатли кечди. Биринчи сет 30:28 кўринишида непалликлар фойдасига ҳал бўлди. 2-сетда “Ҳумо” жамоаси 25:21 кўринишида рақибларини доғда қолдирди. 3 ва 4-сетлардаги ноаниқ ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон волейбол жамоаси 25:21 ва 25:23 ҳисобида непалликларга ютуқни тақдим этди.
Кеча “CAVA-2025” турнирининг ярим финал остонасида волейболчи қизларимиз Эроннинг “Фулад Мобарак Сепахан” жамоаси билан рўбарў келди. Бир кун муқаддам ўтган мураккаб учрашувдаги руҳий зўриқиш ўз сўзини айтди. Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири “Фулад Мобарак Сепахан” билан тўқнашувда 3:0 (25-11, 25-11, 25-11) ҳисоби қайд этилди.
Бугун, 9 февраль куни ярим финал ўйинлари ўтказилса, ҳамюртларимиз эртага, 10 февраль куни халқаро турнирнинг сўнгги кунги баҳсида 5-7-ўринлар учун майдонга чиқади.
Турнир давомида ўзбекистонлик волейболчилардан Маликахон Турсунпўлатова, Зебохон Абсаматова, Дилноза Боймирзаева учрашувларнинг энг яхшиси, дея эътироф этилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақа жорий йил 6-14 июнь кунлари Филиппиннинг Чандон шаҳрида аёллар жамоалари ўртасида ўтказиладиган “AVC Women’s Cup-2026” мусобақасига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналади.
Т.Рўзиев, ЎзА