Волейбол: жаҳон чемпионатининг илк ўйинларида Франция ва Испания жамоалари ғолиб
Бугун, 24 июль куни Тошкентдаги “Юнусобод “спорт саройида ҳамда Чирчиқда жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган эркаклар миллий терма жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари бошланди.
Ўзбекистонда илк бор волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган ўсмирлар миллий терма жамоалари иштирокида бошланган жаҳон чемпионатида 24 давлатнинг U19 миллий терма жамоалари 4 гуруҳга бўлинган ҳолда чемпионлик йўлидаги баҳсларда майдонга тушади.

Бугун кун мобайнида ташкил этилган дастлабки ўйинларда “Б” гуруҳида Франция жамоаси Канадани 3:1 ҳисобида доғда қолдирди. “С” гуруҳида ўтган Эрон – Испания қарама-қаршилигидаги баҳсда испан волейболчиларининг қўли баланд келди.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг саралаш мусобақалари 29 июлга қадар, плей-офф ўйинлари 30 июль-3 август кунлари, ярим финал ва финал ўйинлари 3 август куни ташкил этилади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА