Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Волейбол: Ўзбекистон U-19 терма жамоаси жаҳон чемпионатининг 9-16-ўринлари учун курашади
11:14 / 2025-07-31

Мамлакатимизда давом этаётган волейбол бўйича U-19 эркаклар миллий терма жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 1/8 финал ўйинлари ортда қолди.

Кеча Тошкентдаги “Юнусобод“ спорт саройи ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуаларида ўтган баҳслар сарҳисобига кўра, 1/8 финалда олтита Европа ва иккита Осиё терма жамоаси кейинги босқич йўлланмаларини қўлга киритди.

Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси гуруҳ босқичида 2 та ғалаба эвазига 4-ўринни эгаллаб, 1/8 финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани эътиборли бўлди.

Волейболчи йигитларимиз 1/8 финалда жаҳон рейтингида 3-ўринда турадиган Италия термаси билан рўбарў келди. Европа мамлакати вакиллари гуруҳ босқичида Испания, Эрон, Польша каби жамоаларни ортда қолдириб, гуруҳда 1-ўринни эгаллаган жамоа ҳисобланади.

Катта тажрибага эга итальянлар билан мамлакатимизнинг эндигина халқаро майдонда тажриба тўплаб келаётган волейболчилари ўйин услубидаги фарқ 3 та сетда ҳам яққол кўзга ташланди. Қайсидир вазиятларда Ўзбекистон U-19 терма жамоаси европаликларни ҳимояланишга ҳам мажбур этди. Бироқ, тажриба ва техник-тактик устунлик Италия U-19 жамоасига ғалаба келтирди. Италия-Ўзбекистон-3:0.

1/8 финалда Болгария АҚШ терма жамоасини тенг курашлар остида ўтган ўйинда 3:2 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, Польша Покистонни худди шу ҳисобда 1/4 финалдан мосуво этди. Аргентина Испанияни, Франция Бразилияни, Жанубий Корея Хитойни, Финляндия жамоаси Японияни 3:0 кўринишларида таслим қилди. Эрон ва Бельгия ўртасидаги ўйинда осиёликлар европаликларни 3:1 кўринишида совринли ўринларга даъвогарликдан чиқариб юборди.

Жаҳон чемпионатининг 17-24-ўринлари учун ўтказилган плей-офф ўйинларида Туркия Тунисни беш сетда 3:2 ҳолатида мағлуб этди. Пуэрто-Рико - Миср баҳси, шунингдек, Куба - Жазоир “дуэли”да 3:0 ҳисоблари қайд этилди. Колумбия Канадани 3:1 ҳисобида таслим қилди ва 17-20-ўринлар учун курашиш имкониятига эга чиқди.

Бугун, 31 июль жаҳон чемпионати дастурига биноан дам олиш куни сифатида белгиланган.

Эртага 1 август куни 1/4 финалда Жанубий Корея - Польша, Франция - Италия, Испания - Болгария, Финляндия - Эрон жамоалари куч синашса, 9-16-ўринлар учун кечадиган баҳсларда Ўзбекистон - Бразилия, Хитой - Покистон, Аргентина - АҚШ, Болгария - Япония жамоалари кураш олиб боради. 17-20-ўринлар учун Туркия - Куба, Пуэрто-Рика - Колумбия тўқнаш келса, 21-24-ўринлар учун Тунис-Жазоир, Миср-Канада ўйинлари бўлиб ўтади.  

Чемпионат 3 августга қадар давом этади.

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА