English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Волейбол: Жаҳон чемпионатидаги навбатдаги рақибимиз Пуэрто-Рико жамоаси
12:53 / 2025-07-26

Тошкентдаги “Юнусобод“ спорт саройи ҳамда Чирчиқда жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида волейбол бўйича U-19 эркаклар миллий терма жамоалари ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳслари қайсидир жамоалар учун қувончли, қайси бирлари учун аламли онларни тортиқ этди.

Жаҳон чемпионатининг “А” гуруҳида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Покистон терма жамоасига 0:3 ҳисобида (23:25, 18:25, 21:25) мағлуб бўлди. Учрашувда 24 очко жамғарган Покистон жамоаси сардори Муҳаммад Яҳёнинг ўнг қанотдан блокни ёриб ўтадиган аниқ зарбалари уларнинг ютуғини таъминлади, дейиш мумкин.

Аргентина - Туркия учрашуви ҳар жиҳатдан муросасиз кечганини ўйин беш сет давом этганидан ҳам билиш мумкин. Қардошларимизнинг ғалабага бўлган иродаси қанчалик кучли бўлмасин, аргентиналиклар омадли эканини кўрсатди - 3:2.

Ушбу гуруҳда бир кун муқаддам Покистонга мағлуб бўлган Бельгия Пуэрто-Рикони 3:0 (25-21, 25-21, 25-16) ҳисобида енгишга эришди.

“Б” гуруҳида амалдаги жаҳон чемпиони Франция терма жамоаси Жазоирни 3:0 ҳисобида қийинчиликсиз доғда қолдирди. Болгария Хитой устидан 3-1 кўринишида устунликка эришди. Биринчи ўйинда Хитойга имкониятни бой берган Япония Канада устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

“C” гуруҳида Испания Мисрни 3:1, Эрон Польшани 3:2, Италия Тунисни 3:0 ҳисобида таслим этди.

“Д” гуруҳида Жанубий Корея жамоаси Колумбияни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, кетма-кет иккинчи ўйинда ғалабага эришган жамоа бўлди. Финляндия Бразилияни 3:0 ҳолатида бош эгишга мажбур қилди. АҚШ терма жамоаси Кубани 3:1 ҳисобида енгиб, илк муваффақиятни тантана қилди.

Бугун, 26 июль куни жаҳон чемпионатининг учинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси Пуэрто-Рико вакилларига қарши баҳс олиб боради.

Жаҳон чемпионати ўйинлари 3 августга қадар давом этади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА