Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Волейбол: Франция U-19 терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлди
10:29 / 2025-08-04

Жаҳон волейбол ишқибозларининг диққат-эътиборини ўн кун мобайнида Ўзбекистон спорт майдонларига қаратган U-19 эркаклар миллий терма жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионати тарихга айланди.

Тошкентдаги “Юнусобод“ спорт саройи ҳамда Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуаларида ўтган муросасиз баҳсларда дунёнинг 24 та мамлакат U-19 миллий терма жамоалари 6 тадан 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда  ғолиблик учун кураш олиб борди.

Жаҳон чемпионати финалида Франция Польша билан финалда рўбарў келган бўлса, Испания ва Эрон жамоаси 3-ўрин учун кураш олиб борди.

Ўзбекистон терма жамоаси мусобақадаги сўнгги ўйинини 13-ўрин учун Покистон терма жамоасига қарши ўтказди. Етмиш дақиқа давом этган ўйинда афсуски вакилларимиз 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва 14-ўрин билан кифояланди.

Бу орқали Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Жаҳон чемпионатини 14-ўринда якунлади. Жаҳон чемпионатининг финалида Франция Польшани 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, кетма-кет иккинчи бор жаҳон чемпионлигига эришди.

Италия Болгарияни 3:1 ҳисобида енгиб, бешинчи ўринни эгаллади.

Еттинчи ўрин учун курашда Финляндия Кореяни 3:1 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, Бельгия-Аргентина қарама-қаршилигидаги баҳсда европаликлар 3:1 ҳисобида зафар қучди.

Юртимизда ўтган жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси қарорига биноан, Франция терма жамоаси аъзоси, 17 ёшли Андрей Йоканович “MVP” совринига ҳамда чемпионатнинг энг яхши ҳужумчиси, деб топилди.

Шунингдек, бир қатор номинацияларда Польша, Испания, Покистон каби жамоаларнинг ёш волейболчилари совриндор бўлди.

Жаҳон чемпионатининг тантанали ёпилиш ҳамда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида спорт вазири Адҳам Икромов, ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, волейбол спорти мухлислари иштирок этди.

Таъкидланганидек, нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё ҳудудида илк бор ташкил этилган чемпионат юртимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлди.

Хўш, ўн кун мобайнида ўтган жаҳон чемпионати ўзбек волейболига нима берди?

Энг аввало, мамлакатимизда ўйин спорт турлари бўйича жаҳон биринчиликларини қабул қилиш имкониятимиз етарли эканини кўрсатди.

Мазкур чемпионат ўзбек волейболининг жаҳон майдонларида муваффақиятли иштирок этишга қодир эканини кўрсатибгина қолмай, мамлакатимизда ушбу спорт турининг ривожи, оммавийлиги янги босқичга олиб чиқилгани билан муҳим аҳамият касб этди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА