Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Волейбол: Франция чемпионликни ҳимоя қилса, Ўзбекистон Покистон билан 13-ўрин учун курашади
13:49 / 2025-08-03

Бугун, 3 август куни мамлакатимизда давом этаётган U-19 эркаклар миллий терма жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионатининг сўнгги мусобақалари ўтказилади.

Кеча Тошкентдаги “Юнусобод“ спорт саройи ҳамда Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуаларида ўтган мусобақалар ҳар жиҳатдан қизиқарли ва такрорланмас бўлди.  

Биз учун аҳамиятлиси, жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этаётган Ўзбекистон U-19 терма жамоаси 13-16-ўринлар учун кечган баҳсда ёзги Олимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон ва қитъа чемпионатларида, нуфузли мусобақаларда катта тажрибага эга япониялик тенгдошлари устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб (14-25, 25-21, 25-21, 25-14) ўзбек волейболининг тарихий ютуғини таъминлади.

Учрашувда қайд этилган натижалардан ҳам кўриниб турибдики, Япония  U-19 жамоаси устунликка эришиш йўлида катта босим ҳосил қилишга интилди. 1-сетда бу ўз самарасини берди ҳам. Бироқ ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этган ҳамюртларимиз кунчиқар юрт вакилларининг ҳужум зарбаларини йўққа чиқаришга эришди. Терма жамоамиз аъзоларидан Шохбоз Мамаюсуфов, Артём Варзиловнинг зарбалари, профессионал хатти-ҳаракати кўп ҳолларда ғалабани таъминлашга ҳисса қўшди.

Ушбу ғалаба терма жамоамиз аъзоларини 13-ўринга даъвогар мақомига олиб чиқди.

Бугун волейболчи йигитларимиз пойтахтимиздаги “Юнусобод“ спорт мажмуасида 13-14-ўринлар учун кеча АҚШни 3:1 (25-14, 22-25, 25-18, 25-23) ҳисобида енгган Покистон жамоаси билан куч синашади.

Чемпионатнинг 5-8 таснифлаш босқичида Болгария Кореяни 3:0, Италия Финляндияни 3:0 (25:19, 25:20, 25:23) ҳисобида мағлуб этиб, 5-6-ўринлар масаласида рўбарў келиш ҳуқуқига эга чиқди.

Хитой мураккаб кечган учрашувда Аргентинани 3:2, Бразилия Белгияни 3:1 кўринишида таслим этиб, 9-10-ўринлар остонасида тўқнаш келадиган бўлди.

Куба Пуэрто-Рикони(3:0) мағлуб этиб, 17-ўринни, Колумбия Туркияни (3:2)енгиб, 19-ўринни, Канада Жазоирни(3:0) таслим этиш орқали жаҳон чемпионатини  23-ўринда якунлади.

Бугун жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида ўтказиладиган ўйинлар жадвали:

“Юнусобод” спорт мажмуаси 

13-14-ўринлар учун:  

Покистон – Ўзбекистон,  

3-4-ўринлар учун:  

Испания- Эрон,  

Финал ўйини:  

Полша – Франция.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуалари

7-8-ўринлар учун:  

Корея – Финландия,  

11-12-ўринлар учун: Аргентина – Белгия,  

5-6-ўринлар учун:  

Болгария – Италия,  

15-16-ўринлар учун:  

АҚШ – Япония,  

9-10-ўринлар учун:  

Хитой - Бразилия.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА