Кеча пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида волейбол бўйича U-16 ва U-19 ёш тоифалари ўртасида CAVA халқаро турнирининг дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Халқаро турнирнинг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов, Ўзбекистон волейбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Б.Абдуллаев ва бошқа мутасаддилар иштирокчи жамоаларга омад тилади.

U-16 ёш тоифасида Ўзбекистон-1 жамоаси Қирғизистон вакиллари билан рўбарў келди. Ҳамюртларимиз 3:0 ҳисобида зафар қучди. Ушбу ёш тоифасидаги Эрон – Қозоғистон қарама-қаршилигидаги баҳсда эронликлар 3:0 ҳисобида ғалабага эришди.

U-19 ёш тоифасидаги илк тур ўйинлари Ўзбекистон-1 – Қирғизистон 3:0, Эрон – Ҳиндистон 3:0 кўринишида якунланди.

Бугун, 11 июнь кунги мусобақаларда U-16 ва U-19 ёш тоифасида Эрон жамоалари учун дам олиш куни сифатида белгиланган бўлса, U-16 ёш тоифасида Ўзбекистон-1 – Ўзбекистон-2 ҳамда Қозоғистон –Қирғизистон жамоалари куч синашади. U-19 ёшлилар баҳсида Ҳиндистон – Қирғизистон, Ўзбекистон-1 – Ўзбекистон-2 жамоалари рўбарў келади.

Учинчи маротаба ташкил этилаётган мазкур халқаро турнирнинг сўнгги тур учрашувлари 16 июнь куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА