Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Волейбол бўйича "Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги" мусобақаси ўтказилади
14:22 / 2024-02-14

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ)да брифинг бўлиб ўтди. Унда волейбол бўйича "Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги" мусобақасини ўтказиш, жамоаларни шакллантириш, ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар Исохонова, ИИББ бошлиғининг ўринбосари Муродилла Алиқориев, Волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ижрочи директори Ғуломжон Пирназаров Президентимиз ташаббуси билан 2024 йил Ўзбекистонда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганига эътибор қаратди. 

Жорий йилда ёшларни жисмоний чиниқтириш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, қолаверса, улар ўртасида гиёҳвандлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш устувор вазифа ҳисобланади. 

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ёшлар камолотида муҳим ўрин тутади. 

Қарорга мувофиқ, жорий йил февраль-март ойларида Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги” мусобақасини ўтказиш режалаштирилди. 

Унда 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит ва қизлар иштирок этади. Мусобақа уч босқичда, яъни маҳаллалараро сектор кесимида, секторлараро туман кесимида ҳамда туманлараро шаҳар босқичида ўтказилади. 

Мусобақанинг асосий мақсади маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида волейбол спорт турини янада оммавийлаштириш, иқтидорли, туғма истеъдоди бор ёшларни саралаш орқали Тошкент шаҳар терма жамоасига номзодларни шаффоф тарзида танлаб олишдир. 

688 жамоа (6 минг 880 нафар ёш) мусобақада иштирок этиш учун саралаб олинди. Мусобақалар ўтказилиши учун жами 18 спорт майдончаси танланган. 

Волейбол мусобақаларини ташкил этишда Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар спорт бошқармаси, Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва Ўзбекистон волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими яқиндан ҳамкорлик қилади. 

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари маҳаллалараро сектор босқичида жамоа иштирокчилари сектор раҳбарлари ва ҳомий ташкилотлар томонидан 1,2,3-даражали диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади. 

Секторлараро туман босқичида ғолиб ва совриндор бўлган жамоа иштирокчилари туман ҳокимлари, туман ички ишлар органи раҳбари ва ҳомий ташкилотлар томонидан 1,2,3-даражали диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади. 

Шаҳар босқичида ғолиб ва совриндор бўлган жамоа иштирокчилари Ўзбекистон волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ва ҳомий ташкилотлар томонидан 1,2,3-даражали диплом, медаль ва пул маблағлари билан тақдирланади. 

1-ўрин – ҳар бир иштирокчига 7 миллион сўм ва кубок; 2-ўрин – ҳар бир иштирокчига 5 миллион сўм; 3-ўрин – ҳар бир иштирокчига 3 миллион сўмдан пул маблағлари берилади. 

Мусобақа ҳакамлари қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади. 

Н.Абдураимова, ЎзА