Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ва “Жар” спорт соғломлаштириш мажмуаларида эркаклар жамоалари ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Олий лига, 1-тур баҳслари давом этмоқда.
Кеча 17 та жамоа иштирок этаётган мамлакат чемпионати 1-тур ўйинларининг гуруҳлардаги навбатдаги кунги учрашувлари бўлиб ўтди.
“Жар” спорт мажмуасида “А” ва “Б” гуруҳидаги баҳсларда ИИБ Академия жамоаси Андижон давлат техника университети жамоасини, “ROAD PATRUL” вакиллари Бухоро давлат педагогика институти жамоасини, “Ҳумо” жамоаси “Парвоз” волейболчиларини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, Жиззахнинг “Зиёкор” жамоаси Қашқадарёнинг “Лочин” жамоасини 3:1 кўринишида доғда қолдирди.
[gallery-27330]
“Олимпия шаҳарчаси”даги мусобақаларда “С” ва “Д” гуруҳи вакиллари куч синашди. Қизиқарли кечган ўйинларда АГМК Самарқанд давлат педагогика институти вакилларига(1:3), фарғоналиклар Хоразм волейболчиларига(2:3), Қорақалпоғистон жамоаси бухороликларга(1:3), “Сўғдиёна-кончи” жамоаси “Ўзтелеком”га(1:3) имкониятни бой берди.
Бугун, 28 январь куни Олий лига 1-тур ўйинларининг еттинчи кунги мусобақаларида 8 та жуфтликдаги жамоалар рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, Олий лига баҳслари 5 та турдан иборат бўлиб, ўйинларни бошқариб бориш учун 16 нафар малакали ҳакамлар иш олиб бормоқда.
1-тур мусобақалари эртага 29 январь куни якунланади.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов(сурат),
ЎзА