Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ва “Жар” спорт соғломлаштириш мажмуаларида эркаклар жамоалари ўртасида волейбол бўйича 2026 йилнинг илк йирик мусобақаси – Ўзбекистон чемпионати Олий лига, 1-тур баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Кеча 17 та жамоа иштирок этаётган мамлакат чемпионати 1-тур ўйинларининг гуруҳлардаги дастлабки баҳслари ташкил этилди.

– 5 та турдан иборат ўйинларни бошқариб бориш учун 16 нафар малакали ҳакамлар иш олиб бормоқда. Бу йилги Олий лига баҳсларининг илк турининг яна бир аҳамиятли жиҳати, мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Осиё волейбол конфедерацияси (АВC) президенти Рамон Сузара иштирок этиш истагини билдирган.

Мусобақаларни шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби аъзолари кузатиб боради. Мақсад, Ватанимиз шарафини халқаро спорт майдонларида ҳимоя қиладиган иқтидорли спортчиларни аниқлашдир, – дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов.

Бугун, 23 январь куни “Жар” спорт мажмуасида “А” ва “Б” гуруҳларидаги, “Олимпия шаҳарчасида “С” ва “Д” гуруҳларидаги иккинчи кунги мусобақалар ўтказилади.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими эртага, 24 январь куни ташкил этилади.
Олий лига 1-тур ўйинлари 29 январга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА