Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Воҳид Абдуллаев ва Самарқандда Навоийшунослик
05:19 / 2022-10-27

Бу йил атоқли адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Воҳид Абдуллаев таваллудига 110 йил тўлди.

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида жорий йилнинг ноябрь ойида “Академик Воҳид Абдуллаев ва Самарқанд адабиётшунослик мактаби тараққиёти” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилади. Ушбу мақола шу муносабат билан ёзилди .

Она тилимиз ва халқимиз шуҳратини оламга ёйган қайси улуғ аждодимизнинг ҳаёт йўлига назар ташламайлик, Самарқанд шаҳри, Самарқанд муҳити, Самарқанд мактаби бу зотларнинг умр йўлларида муайян мақомга эга эканлигига гувоҳ бўламиз. Одам уш-шуаро Рудакий ва Имом Бухорийдан бошлаб, Соҳибқирон Амир Темур ва Мирзо Улуғбеккача, Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Хожа Аҳрор Валийдан тортиб, Мир Алишер Навоий ҳамда Мирзо Бобургача ўз қисматларини, Самарқанд тақдири билан муштарак, деб билганлар, илм-фан, дину диёнат, маданият ва санъатнинг бешиги бўлган бу муқаддас маконга ҳамиша ўз эҳтиромларини изҳор этиб турганлар. Ўз навбатида, Самарқанд аҳли ва Самарқанд мактаби намояндалари бу улуғ зотларнинг шуҳратини оламга ёйишга баҳоли қудрат ҳисса қўшганлар.

Жумладан, миллий маънавиятимизнинг яловбардори, ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда самарқандлик олимларнинг ҳиссаси – беқиёс. Шоирнинг сиёсий фаолиятини ёритувчи илк тарихий манба Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн” асари бўлса, унинг ижодий фаолияти ва шоирлик салоҳияти ҳақида қимматли маълумот берувчи илк манба муаллифи бошқа бир самарқандлик шоир ва олим – Давлатшоҳнинг “Тазкират уш-шуаро” тазкирасидир. Самарқандлик бу икки олим ҳали Мир Алишер ҳаётлиги пайтидаёқ навоийшуносликни бошлаб берганлар ва ушбу анъана асрлар давомида бошқа олимлар томонидан изчил давом этиб келмоқда.

ХХ асрнинг биринчи чорагидан бошлаб, навоийшунослик фаннинг алоҳида тармоғи сифатида шакллана бошлади. Камоли қониқиш билан қайд қилиш лозимки, Алишер Навоий ҳақидаги дастлабки мақола ва тадқиқотлар айнан Самарқанд илмий ва адабий мактаби намояндалари томонидан яратилди. 

Айтиб ўтиш керакки, Навоийга муносабат, Навоий шахсига эҳтиром шўролар замонида бирданига ижобий тус олган эмас. Айрим олимлар “Навоий каби сарой шоирларининг услублари асримиз завқига ҳам, эҳтиёжига ҳам тамомила яроқсиздир”, деган фикрда бўлган пайтда Абдурауф Фитрат ва Вадуд Маҳмуд каби миллат фидоийлари Навоийни “ўзбек шоирларининг бобоси”, Навоий яшаган даврни эса адабиётимизнинг “биринчи олтин даври” деб ҳаққоний баҳо беришга журъат қилганлар. 

Кейинчалик бу жараёнга Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий, Воҳид Абдуллаевлар қўшилиб, Самарқандда том маънодаги навоийшунослар мактабига асос солдилар. Садриддин Айний тожик тилида “Алишер Навоий” монографиясини яратиш баробарида “Хамса”нинг қисқартирилган нашрини тайёрлаган бўлса, Абдураҳмон Саъдий Навоий ижодининг умумфалсафий ва бадиий маҳорати масалаларини ўз докторлик диссертациясида асослаб беришга ҳаракат қилган. Айниқса, аллома Воҳид Абдуллаевнинг “Навоий Самарқандда” номидаги тадқиқоти ўз даврида воқелик ҳисобланиб, бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Воҳид Абдуллаев тадқиқотида Алишер Навоийнинг Самарқандда тўрт йил яшаганлиги, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг қатор шоирлари  ва олимлари билан ижодий алоқада бўлганлиги, Самарқанддан олган баҳрамандликлари кейинги бутун ижодига самарали таъсир қилиб, гўзал шеърлари ва достонларига материал сифатида хизмат қилганлиги илмий далиллар асосида исботлаб берилган. Бартольд ва бошқа шарқшунослар бу даврда Самарқандда илм-фан, маданият инқирозга юз тутган, Ҳиротда эса, аксинча ривожланган, деган фикрни илгари суришган. В.Абдуллаев ўз тадқиқотида аниқ факт ва далиллар асосида 15 асрнинг 50-60 йилларида Самарқандда маданий-адабий муҳит анча жонлангани, аксинча Абусаид Мирзо давридаги Ҳирот зиддиятлар ўчоғига айланиб қолгани, шу боис, илм ва адабиёт намояндалари Ҳиротдан Самарқандга интилганларини исботлаб берган.

Устоз Воҳид Абдуллаев яратган “Навоий замонида Бухоро шеърияти”, “XIX асрда Бухорода навоийхонлик ва Навоий анъаналари”, “Навоий ва Коҳий”, “Навоий ва назира”, “Навоий ва Мунис”, “Алишер Навоий ва Атоулло Атойи”, “Навоий ва Бобур”, “Хамса шоирлар назмида” каби тадқиқотлари Алишер Навоий ижодининг кейинги даврлар ўзбек адабиётига таъсири масалаларини ёритишга бағишланган. Бу илмий ишларда бир томондан, Алишер Навоий анъаналарининг бошқа шоирлар томонидан изчил ривожлантирилганлиги масаласи ёритилган бўлса, иккинчи томондан адабиётимиз тарихида янги-янги, шоирларни кашф этиш, уларнинг ўз даврлари адабиётида тутган ўрнини аниқлаб бериш каби ғоят муҳим мақсадлар кўзда тутилган. Бу ишларнинг аксариятида адабиётимиз тарихи учун номаълум бўлиб келаётган фактлар қўлёзма манбалар асосида ўрганилган.

Бу устознинг давомчилари – Содиқ Мирзаев, Ботирхон Валихўжаев, Раҳмонқул Орзибеков ва бошқаларнинг тадқиқотларида ҳам Навоийнинг шахсияти, ижоди ва дунёқарашининг турли қирралари тадқиқ этилди. Содиқ Мирзаев ўз номзодлик диссертациясида Навоий арузи ҳақида тадқиқот олиб бориб, аруз вазнининг замони ўтгани, шоирлар энди аруз вазнидан эскилик сарқити сифатида тезроқ қутулишлари лозим, маъносидаги “башорат” ва “кўрсатма”лар берилаётган даврда Навоийнинг “Мезон ул-авзон” асари ҳамда лирик меросининг куллиётини тадқиқ этди. Аруз вазни Навоийнинг хизматлари натижаси ўлароқ аруз туркий тилга тўлиқ мослаштирилгани, бу вазн тизими ўзбек тилининг фонетик ва фонологик таркиби ўзгармасдан келишида муҳим рол ўйнаганини илмий жиҳатдан асослаб берди. Айниқса, “Навоий лирикасига вазн кўрсатгичи” деб номланган диссертация иловаси 147 бетдан иборат бўлиб, унда адабиётшуносликда биринчи марта Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” куллиётига кирувчи тўрт девоннинг ҳар биридаги лирик жанрнинг вазн хусусиятлари ўрганилган. Ушбу кўрсатгичлар кейинчалик “Хазойин ул-маоний”даги ададемик нашри учун асос қилиб олинди.

Академик Ботирхон Валихўжаев ижодининг ўқ томирини Навоий мавзуси ташкил этади, десак, янглишмаган бўламиз. Адабиётшуносликни мумтозлик даражасига кўтарган заҳматкаш олимимиз деярли барча тадқиқотларида Навоийнинг шахсияти, ҳаёти ва фаолиятига муносабат билдириб келганлар. Бу хулоса, кузатув ва умумлашмалар кейинчалик икки жилдлик “Ўзбек адабиёти тарихи” ўқув қўлланмаси (2002), Хожа Аҳрор Валий ҳақида ёзилган “Буюк маънавий муршид”, шунингдек, “Мумтоз сиймолар” китобида ўз аксини топди. Б.Валихўжаев учун Навоий номи Самарқанддек азиз ва табаррук. Бу икки муқаддас тушунчани боғловчи ҳар қандай далил, ҳар қандай кичик деталь олимнинг диққат марказидан четда қолмади. “Мулоқот” журналида эълон қилинган “Алишер Навоийнинг Самарқанддаги қадамжолари” мақоласида Навоийнинг Самарқандда таълим олган мадрасалар ҳақида маълумот берган бўлса, “Ўзбек адабиёти тарихи” китобида Навоий ва Самарқанд адабий муҳити масаласини янги фактик материаллар ва хулосалар билан бойитди.

Профессор Раҳмонқул Орзибеков ўз тадқиқотларида Навоийнинг бой ва бетакрор бадиий-эстетик олами, бу муаззам ижоднинг кейинги давр адабий жараёнга кўрсатган ижобий таъсири, Навоийдан илҳомланган шоир ва адибларнинг ижодий мероси тадқиқига эътибор қаратди. Бу тадқиқотлар Самарқанд илмий муҳитидаги  қиёсий адабиётшуносликнинг ривожига ижобий таъсир кўрсатди.

Таниқли шарқшунос, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов Самарқанд давлат университетида таълим олган. Н. Комиловнинг илк илмий-ижодий тадқиқоти – Самарқанд давлат университетининг талабаси сифатида 1965 йилда ёзган диплом иши ҳам, энг сўнгги, ўзи варақлашга улгурмаган китоби ҳам ягона мавзуга, Алишер Навоий ҳазратларининг ижодига бағишланган. Олимнинг ўз таърифи билан айтганда, у бир умр “Навоий мулкининг нигоҳбони” бўлиб яшаган. Шубҳасиз, ўзбек шарқшунослигида Нажмиддин Комиловнинг алоҳида ўрни ва мавқеи мавжуд. 

Аввало, бу олим тадқиқотлари мавзулар ва йўналишлар кўламининг кенглиги, қолаверса, чуқур таҳлиллар ва янги-янги хулосаларга бойлиги билан ажралиб туради. Унинг ялпи ижоди ХХ аср охирлари ва ХХI аср бошларидаги ўзбек адабиётшунослиги, таржимашунослиги, шарқшунослиги, тасаввуфшунослигининг улкан ютуғи ҳисобланади.

Алломанинг 2005 йили “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Хизр чашмаси” монографияси  навоийшунослигимизга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Шуни эсдан чиқармаслик керакки, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижодини тасаввуфдан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо шўро давридаги ҳукмрон мафкура бу буюк соҳиби қалам асарларини кўп жиҳатдан бузиб талқин этди. Оқибатда асарларининг туб моҳияти, теран тасаввуфий маънолари очилмай қолди. 

Масалага шу жиҳатдан ёндашилганда,  “Хизр чашмаси” монографияси ана шу бўшлиқни тўлдирди ‒ Навоий ижодини тасаввуфий моҳиятидан келиб чиқиб таҳлил этиб берди.

Китоб олимнинг илмий ва илмий-оммабоп нашрларда босилиб, эл орасида шуҳрат тутган тадқиқотлари асосида тартиб берилган. 

Нашр, “Муқаддима ўрнида” деб берилган  “Ўз вужудунгға тафаккур айлагил” сарлавҳали ҳамда “Хулоса ўрнида” тарзида тақдим этилган “Оби ҳаёт” номли мақолаларни ҳисобга олмаганда,  тўртта мустақил бобдан ташкил топган.

Б и р и н ч и  б о б “Қалбларнинг севгани” деб номланади. У “Навоий ва замонамиз”, “Тасаввуф ва бадиий ижод” ва “Одамийлар одамийси” фаслларидан ташкил топган. Бобда муаллиф Навоий ижодининг тасаввуфий моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилган.

И к к и н ч и   б о бга “Ишқ кимёси” дея сарлавҳа қўйилган. У  беш ички фаслга бўлинади.  Уларда тасаввуфий ишқ масаласининг турли қирралари ёритилган. Хусусан, “Фарҳод ва Ширин” таҳлили асосида битилган   “Суқрот ‒ комил инсон тимсоли” мақоласи алоҳида ажралиб туради. Унда тадқиқотчи Суқротни Навоий пир рамзи сифатида тасвирлагани сирларини очиб кўрсатади. 

У ч и н ч и   б о б ‒ “Фақр ‒ комил инсон сифати” деб аталган. У ҳажман катта қисм ҳисобланади. Бинобарин, у ўн фаслдан ташкил топган. 

Биламизки, Алишер Навоий ‒ ҳам туркий, ҳам форсий тилда асарлар битган соҳиби қалам. Бироқ камдан-кам тадқиқотчи унинг форсий асарларини ўрганган. 

Нажмиддин Комилов бу бобда, жумладан,  Фонийнинг форс-тожик тилида ёзилган қасидаларини тадқиқ этади. Бундан ташқари, олим “Насим ул-хулд” қасидасининг ҳам форсча-тожикча аслини, ҳам унинг ўзбек тилига ўзи амалга оширган насрий таржимасини келтиради. 

Т ў р т и н ч и   б о бга “Тафаккур ва нафосат хазинаси” деган сарлавҳа маъқул топилган. У икки фаслдан иборат.

Нажмиддин Комиловнинг бу китобида Алишер Навоий ижодини жаҳон адабиёти контекстида туриб кузатиш, хусусан, у яратган асарларга кенг майдондан туриб баҳолаш, аввало, ислом Шарқи адабиёти, қолаверса, форс-тожик сўз санъати билан чамбарчас боғлиқ ҳодиса сифатида қараш кўзга ташланади. Бундай йўл тутиш учун эса тадқиқотчидан жуда катта билим ва малака талаб қилади.

Нажмиддин Комилов “Тасаввуф” монографиясини Хожа Баҳоуддин Нақшбанд  таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб чоп эттирган. Бу бежиз эмас. 

Маълумки, нақшбандия тасаввуфнинг энг сўнгги ва энг мукаммал тариқати ҳисобланади. “Тасаввуф” китобида  асарлари энг кўп таҳлилга тортилган шоир ‒ яна Алишер Навоий. Бу буюк соҳиби қалам эса бевосита нақшбандия тариқатининг вакили сифатида асарларида шу таълимот ғояларини тарғиб этган эди.

Мустақилликка эришишимиз арафаларида бошланган янги ўзбек тасаввуфшунослиги қисқа бир даврда улкан ютуқларга эришди. Очиғини айтганда, биз бой адабий меросимизга тамоман бошқа кўз билан қарайдиган бўлдик. Бунга кўп олимларимиз ҳисса қўшди, албатта. Бироқ бу борада Нажмиддин Комилов асарлари, хусусан, “Тасавввуф” китобининг аҳамияти катта бўлди. Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида тасаввуф назарияси ва адабиёти кўпроқ шу китобга таянган ҳолда ўқитилади, десам, хато қилмаган бўламан.

Китоб ‒ “Дебоча” ва “Илова”ни ҳисобга олмаганда, уч мустақил қисмдан иборат. Бу уч қисмни олимнинг илгари алоҳида-алоҳида босилган уч китоби ташкил этади. 

“Тасаввуф. Комил инсон ахлоқи” биринчи китоб, “Тасаввуф. Тавҳид асрори” эса иккинчи китоб тарзида киритилган, сўнг эса “Нажмиддин Кубро” тадқиқоти жой олган. 

 “Тасаввуф” китобида ислом бағрида пайдо бўлиб, комил инсон ғоясини ҳадди аълосида тарғиб ва ташвиқ этган тасаввуф таълимотига комплекс нуқтаи назардан ёндашилади. Нашрда жуда катта материал қамраб олингани диққатни тортади. 

Энг муҳими, биз бу китоб орқали ислом тарихида ўтган кўп-кўп шайхлар ҳаёти, фаолияти ва ижодидан баҳраманд бўламиз. Бу нашр ‒ ҳам исломшунослар, ҳам шарқшунослар, ҳам тасаввуфшунослар, ҳам адабиётшунослар учун бой ва мўътабар манба янглиғ аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакатимизда учинчи Ренессанс асосларини яратиш ғоясини олға сурдилар. Бунинг учун биз, аввало, юртимизда юз берган биринчи ва иккинчи Ренессанс тарихини яхши билишимиз зарур. Профессор Нажмиддин Комиловнинг таҳлил этилаётган бу икки китоби айнан ана вазифани қисман бажаргани билан алоҳида ажралиб туради. Чунки Ренессансни маънавий баркамоллик назарияси ва амалиёти бўлган тасаввуф ва бу таълимот ғояларини тарғиб ва ташвиқ этишнинг энг кучли қуроли ҳисобланмиш бадиий адабиётсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шуни ҳам унутмайликки, Нажмиддин Комиловнинг “Хизр чашмаси” ва “Тасаввуф” китобларига бевосита истиқлолимиз мевалари сифатида қарашимиз зарур.

 “Маънолар оламига сафар”  асари Нажмиддин Комиловнинг навоийшунослик  борасидаги охирги, айни чоғда, энг сара тадқиқотларидан бири бўлиб қолди. Атоқли олим ўз китобида  Навоий қаламига мансуб 50 та ғазални атрофлича шарҳлар экан, бу етук назм жавоҳирларининг ҳар бир байти, ҳар битта мисраси замиридаги чуқур фалсафага, нозик ташбеҳ ва тимсолларга қалб кўзи орқали нигоҳ ташлаган. Навоий ишлатган ҳар бир сўздаги ҳикматга, бадиий сайқалу маъно жилоларига китобхонни ошно этишга интилган.

Шарҳ, шарҳлаш – бу қадимий адабий анъана. Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Ибн Арабий, Жалолиддин Румий, Хожа Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил каби улуғ аждодларимизнинг мураккаб адабий ва илмий-ирфоний асарлари турли даврларда шарҳ этилиб, уларнинг маъно-мазмуни, ибора ва истилоҳлари тушунтириб келинганини яхши биламиз. Н.Комилов таъкидлаганидек, “бу биринчидан, машҳур асарлар ғоялари, маъносини соддароқ тарзда кенг ўқувчиларга тақдим этишга кўмаклашса, иккинчидан, шу баҳонада янги-янги асарларнинг яратилиши, ўлмас инсоний туйғулар, тафаккур ва ақлий-ижодий кашфиётларнинг ривожи, тўлишиб боришига сабаб бўлган”. 

Алишер Навоий асарлари ҳам неча юз йиллар давомида турли даражада, турфа тилларда изоҳланиб, шарҳланиб келинган. Бадиий асарларни шарҳлашнинг ўз талаблари борлигига эътибор қаратган ҳолда, Навоий ғазалларини шарҳлашдаги Н.Комиловнинг ўзига хос ёндашуви байтларнинг қийин ибораларини ва кўп маъноли мураккаб ўринларини имкон қадар содда тилда тушунтириб берилгани билан ажралиб туради. 

Эътиборли жиҳати шундаки, олим бу борадаги адабий анъанани ижодий ўрганиб ва синтез қилиб, Навоий ғазалларини қуйидаги 3 та усулга таяниб шарҳлайди: биринчидан, асар тилидаги ҳозирги китобхонга тушунилиши қийин сўзлар луғатини беради; иккинчидан, байтларнинг насрий баёнини тақдим этади; учинчидан, ғазалнинг умумий мазмун-маъноси, бадиий хусусиятлари устида мулоҳаза юритади. Бу анча қулай усул бўлиб, амалий аҳамияти ҳам кўп эканига ушбу шарҳларни мутолаа қилиш жараёнида яққол ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Университетимизда касби камол этиб, кейинчалик мумтоз адабиётимизнинг йирик билимдонлари сафидан муносиб ўрин эгаллаган олимларимиздан яна бири сифатида албатта, филология фанлари доктори Ҳасан Қудратуллаевни алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳасан Қудратуллаев Навоийнинг адабий-эстетик олами” асарида буюк шоир ва мутафаккир Навоийнинг поэтик ижод ҳақидаги мулоҳазалари, шакл ва мазмун, бадиий адабиётнинг ижтимоий вазифаси борасида илгари сурган эстетик қарашлари атрофлича тадқиқ ва таҳлил қилган. Китобда берилишича, Навоийнинг бадиият, гўзалликка муносабати, нафосат сирларини заковат билан ифодалаган пурмаъно фикрлари ўлмас меросининг ажралмас қисмидир. Хусусан, Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари бадиий асарларида, “Мажолис ун-нафоис”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Насойим ул-муҳаббат” каби илмий асарларида ҳам ўз ифодасини топган. Навоий биринчи ўзбек адабиётшунос олими, муаррих, тазкиранавис ҳамдир. У адабиёт ва санъатнинг туб назарий асосларини таҳлил қилиб, замондошларини қизиқтирган муаммоларга жавоб қидиради, адабиётнинг ижтимоий вазифасини энг муҳим масалалардан бири сифатида таъкидлайди. Бадиий маҳорат масаласи Навоий қарашларида асосий ўринни эгалласа-да, Навоийнинг эстетик олами кенг ва ранг-баранг. Унда анъанавий жанрлар, бадиий санъатлар, вазн ва қофия хусусида қизиқарли, ибратомуз фикрлар талай. Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашларини ўзбек ва рус олимлари ҳам ўрганган. Бироқ шоирнинг эстетик олами бадиий ижоди каби чексиз ва бепоёндир. Биз унинг гўзаллик, ижод жараёни, илҳом ва нафосат ҳақидаги қарашларини кўздан кечирганимизда ҳали қатор масалалар ёритилмаганлиги, улуғ мутафаккирнинг салоҳият ва тафаккур қудратини белгилаб берувчи хизматлари етарли баҳо олмаганлигини кўрамиз. Мазкур рисолада шу ва шунга яқин масалалар хусусида сўз юритилгани билан алоҳида қимматга эга.

Навоий асарларининг тил хусусиятлари ўрганиш масаласи ҳам самарқандлик олимларнинг доимий диққат марказида бўлган. Қ. Муҳиддинов, Х. Дониёров, У. Санақулов, И. Носиров каби тилшунос олимлар Навоий асарларининг лексик-семантик хусусиятларини тадқиқ этишда ўз ҳиссаларини қўшдилар. Хусусан, Худойберди Дониёров ўтган аср 60-йилларининг охирида навоийшуносликнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлган Навоий асарларининг тили ва услуби масалаларини кенг кўламда тадқиқ этишни бошлаб берди. 1968 йилда қаламга олинган “Навоий тилининг диалектал асосларини ўрганиш масаласига доир” мавзусидаги мақоласида олим Навоий асарларининг қайси туркий лаҳжа ва шеваларга асослангани масаласини батафсил таҳлил этади. Навоий ўз асарларида тез-тез қайд қилганидек, унинг асарлари “Хитойдин то Хуросон”га қадар тарқалган туркий эл, уруғ ва халқларнинг барчаси учун умумий бўлган адабий тилда ёзилган, шу сабабли, олимнинг фикрича, бу адабий тилнинг диалектал манбалари ўлароқ Марказий Осиё ҳудудларида тарқалган қарлуқ, оғуз ва қипчоқ лаҳжалари бирдай хизмат қилгандир.

Профессор Х. Дониёровнинг “Алишер Навоий ва ўзбек адабий тили” номли илмий рисоласида Марказий Осиё жўғрофиясида XI асрда шаклланган адабий тилнинг XV асрда улуғ шоир ва мутафаккир томонидан дунёнинг энг ривожланган ва нафис адабий тиллари даражасига олиб чиқилгани, шу боис эски ўзбек адабий тили то XIX асрнинг 2-ярмига қадар  нафақат ўзбек этноси, балки бошқа қардош туркий халқлар учун ҳам муштарак адабий тил вазифасини бажариб келганлиги хусусидаги қарашлар олға сурилади. 

Навоийнинг тилшунослик ва услубшунослик борасидаги  қарашлари Х. Дониёровнинг “Эски ўзбек тили ва қипчоқ диалектлари” мавзусидаги китобида теран таҳлил қилиб берилган. Бу таҳлиллар якунида олим “Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” номли машҳур асари унинг умр давомида қилган илмий-ижодий меҳнатининг самараси, тилшуносликка оид илмий-назарий фикрларининг якуни ва натижасидир. Бу асар тилшунослигимиз учун катта бир маданий мерос ва туганмас хазинадир”, деган чуқур мантиқий-илмий хулосани чиқаради.

Х. Дониёров бошлаб берган Навоий асарлари тили ва услубини ўрганиш ишини СамДУ профессорлари У. Санақулов ва С. Каримовлар давом эттирдилар. Профессор И. Мирзаев эса Е. Э. Бертельс, В. В. Бартольд каби буюк шарқшуносларнинг Навоий ҳақидаги асарларини ўзбек адабий тилига таржима қилиб, кенг илмий жамоатчиликни бу ноёб ва теран илмий асарлар билан таништирмоқда.

Самарқанд навоийшунослик мактабида камол касб этиб, аммо Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги илмий марказларда фаолият олиб борган ва олиб бораётган олимлар ҳақида ҳам кўп ва хўб гапириш мумкин. Уларнинг бу соҳадаги изланишлари ва тадқиқотларини алоҳида эътироф этган ҳолда бемалол айтиш мумкинки, мустақилликдан кейин ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида кузатилгани каби Самарқанддаги навоийшунослик мактаби ҳам ривожланишнинг янги палласига қадам қўйди. Навоий асарлари бўйича учта  докторлик (М. Муҳиддинов, Ш. Сирожиддинов,  Д. Салоҳий) ва бир нечта номзодлик диссертациялар ҳимоя қилинди, ўнлаб китоб ва монографиялар, ўқув қўлланма ва дарсликлар нашр этилди. Республика миқёсида навоийшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган турли илмий-амалий конференциялар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Самарқанд давлат университети филология факультетида “Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи” мавзусида фундаментал тадқиқот олиб борилди.  Мазкур мавзуидаги лойиҳа доирасида 3 та мақолалар тўплами, 1 та дарслик, 2 та ўқув қўлланма, 7 та монография нашр этилди. Монографиялардан иккитаси Германиянинг “LAP LAMBERT” халқаро академик нашриётида нашр этилгани хориж мутахассисларининг навоийшунослик ҳақидаги қарашларининг янада тўлиқ бўлишига ҳисса қўшди. Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари томонидан қўлга киритилган илмий хулосалар илмий мақола ва тезислар шаклида республика ва халқаро илмий журналларда, илмий конференцияларда эълон қилинди.

Самарқанд илмий мактаби навоийшунослик фанининг янада ривожланиши учун қуйидаги вазифаларни ҳал қилишни мақсад қилиши лозим деб ҳисоблаймиз:

–Навоий ва Самарқанд илмий-адабий муҳити масаласини янада чуқурроқ ўрганиш, 16-19 асрларда Самарқандда яратилган илмий ва адабий манбаларда Навоийнинг шахси ва ижодига берилган баҳони қиёсий-типологик таҳлил қилиш;

–Навоий асарлари тилини лингвистик ва лингвопоэтик мезонлар  асосида тадқиқ этиш ва шу орқали ўзбек адабий тилининг тарихий тадрижи ҳақида аниқ хулосалар бериш;

–Навоий асарлари мисолида ўзбек мумтоз адабиётининг назарий масалаларини ўрганишни давом эттириш;

–мусулмон Шарқи минтақасида бақамти ривожланиб келган араб ва форс-тожик адабиётининг анъаналарини ижодий ўзлаштириб, янги мазмун ва моҳият билан бойитган Алишер Навоий ижоди туфайли учинчи кучли адабий жараён – туркий халқлар адабиётининг пайдо бўлиши ва ривожланиш тенденцияларини илмий ўрганиш ҳамда бу эврилишларда Навоий ижодининг роли ва аҳамиятини кўрсатиш;

–таржимашуносликнинг замонавий мезон ва меъёрлари асосида Навоий асарларининг жаҳондаги турли тилларга қилинган таржималарини ўрганиш, шоир асарларининг янги таржималарини амалга ошириш;

–Навоий ижоди бўйича чет эллик олимларнинг қилган тадқиқотларини ўзбек тилига таржима қилиш, уларни холис ўрганиш;

–ўзбек тасаввуф шеъриятида Навоий асарлари роли ва аҳамиятини комплекс равишда ўрганиш, шеърияти ва насрий асарларида илоҳиёт ва диний маърифат масалаларини тадқиқ этиш;

–Навоий ва адабий алоқалар, анъана ва новаторлик масалаларини йирик планда (Навоийгача бўлган давр, Навоий даври ва Навоийдан кейинги давр) таҳлил этиш;

–достонларнинг насрий баёнини яратиш, лирик асарларга шарҳ ёзиш, насрий асарларни ҳозирги ўзбек адабий тили меъёрларига мувофиқлаштириш каби усул ва воситалар орқали Навоийнинг ижод оламига яқинлашиш ва ёш авлоднинг маънавий оламини  бойитишнинг самарали йўлларини излаб топиш ва амалда татбиқ этиш;

–зуллисонайн шоирнинг “Девони Фоний” ҳамда бошқа форсий меросини таржима ва тадқиқ қилиш, Навоийнинг форс-тожик мумтоз шеърияти ривожига кўрсатган таъсирини ўрганиш, анъана ва новаторлик, татаббуъ, тавр ва мухтараъ ғазаллар ўртасидаги муштарак ва тафовутли жиҳатларни аниқлаш.

Бу вазифалар самарқандлик олимлар зиммасига янада кўпроқ заҳмат чекиш, илмий холислик мезонлари асосида янги-янги тадқиқотлар яратиш, шу тариқа бу шаҳарни том маънода жаҳон навоийшунослигининг асосий марказларидан бирига айлантириш вазифасини юклайди. 

 

Муслиҳиддин Муҳиддинов,

Шароф Рашидов номидаги СамДУ профессори, филология фанлари доктори

ЎзА