French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Водород ишлаб чиқариш бўйича инновацион лойиҳанинг тақдимоти ўтказилди (+видео)
20:07 / 2025-11-06

Бугунги кунда экологик муаммолар сабабли "яшил" иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Маълумотларга кўра, атмосферага йиллик ташланаётган карбонат ангидрид чиқиндилари миқдори 33 гигатоннадан ортиқни, иссиқхона газлари ҳажми эса тахминан 42 миллиард тоннани ташкил этади.

Шу боис, олимлар, мутахассислар томонидан экологик тоза энергия манбаларини ишлаб чиқиш устида бир қатор илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб борилмоқда.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан Экологик партия фракцияси ҳамкорлигида Ўзбекистон энергетика комплексида водород ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш истиқболлари, иқтисодиётни энергия ресурслари билан ишончли таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда бутун дунёда муқобил энергия манбалари ҳамда янги энергия ташувчиларини топишга қаратилган изланиш ва тадқиқотлар жадаллик билан олиб борилаётгани таъкидланди.  

Йиғилишда водороднинг ёқилғи сифатида фойдаланиш афзалликларига тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, унинг ёниши натижасида нафақат “экологик тоза” сув буғи ҳосил бўлади, балки органик ёқилғига нисбатан у катта “энергия захирасига” эга ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳати, 1 тонна водород ёқилганда 3,5 тонна органик ёқилғи ёқилганда олинадиган иссиқлик ажралиб чиқади.

Қайд этилганидек, бир гуруҳ олимлар иштирокида водород технологияси тизимлари билан уйғунликда қуёш ва шамол манбаларидан олинадиган электр энергиясида ишлайдиган гибрид манбаларга асосланган автоном-техник мажмуа ишлаб чиқилди. Йиғилишда мазкур технологик инновацион лойиҳанинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Унинг аҳамияти, имкониятлари ҳамда келгусида кўзланаётган натижалари кенг муҳокама қилинди.  

Таъкидланганидек, гибрид энергия манбалари ва водород тизимлари асосидаги автоном-техник комплекс бугунги экологик муаммолар хавф-хатари ортиб бораётган бир даврда алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади. Яъни, водород генератори орқали қуёш ва шамол энергиясидан электролиз йўли билан водород ёқилғиси олинади. Водород ёқилғисини учувчисиз учиш аппаратлари — дронларда фойдаланиш мумкин.  

Водород билан ишлайдиган дронлар орқали келгусида қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида мониторинг ва назорат ишларида фойдаланиш мумкин. Масалан, ер унумдорлигини текшириш, зараркунандалар тарқалган ёки касалланган ерларни аниқлаш, ҳосилдорликни аниқлаш, экинларни мониторинг қилиш имконияти юзага келади. Олимларимизнинг ушбу ихтироси бугунга қадар Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятларида синовдан ўтказилди.  

Тақдимот давомида мазкур мажмуа юртимиз энергетика соҳаси ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлиши таъкидланди. Республикада водород энергетикаси соҳасини ривожлантириш, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.  

Депутатлар энергия ишлаб чиқариш ишларини янги босқичга олиб чиқиш учун ушбу соҳадаги илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишни кенгайтириш ва жадаллаштириш зарурлигини қайд этдилар.

Якунда юртимизда водород энергетикаси соҳасини ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва бу борадаги лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш, тегишли лойиҳаларни амалга оширишда давлат органлари, илмий-тадқиқот муассасалари, олимлар ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқаларни кучайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/B3ewe4ugSAc" title="Vodorod ishlab chiqarish bo‘yicha innovatsion loyihaning taqdimoti o‘tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА