Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигида 2016 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Водийнома” ижтимоий-тарихий, илмий ва оммабоп журнали ўтган вақт давомида юртимиз тарихини кенг ёритиб келаётган илмий-оммабоп нашрлардан бирига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раёсати қарори билан тарих фанлари бўйича илмий журналлар рўйхатига киритилган мазкур нашрда юртимиз тарихининг Чор Россияси, қизил империя ҳукмронлиги даврлари ҳақида, айниқса, қатағон қурбонлари даврига оид ҳали кенг жамоатчиликка эълон қилинмаган жуда кўп маълумотлар, қизиқарли мақолалар чоп этиб келинаётганлиги эътиборга молик.
Журналнинг жорий йил 2-сонида ҳам тарихимиз, тарихий шахслар ҳаёти, фаолияти, айниқса, жадидчилик ҳаракати, қатағон бўлган жадид боболаримиз ҳақидаги қизиқарли материаллар эълон қилинди. Жумладан, профессор Р.Шамсутдинов, Н.Акбарованинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги (НКВД) ва бошқа архив ҳужжатлари асосида тайёрланган “Андижонлик жадидлар – қатағон қурбонлари” сарлавҳали мақоласида ўтган асрнинг 20-30- йилларидаги Андижондаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, жадидчилик ҳаракати, Акбар Ўрозалиев, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Турор Рисқулов, Мирали Умарбоев, Усмонбек Тўхтабеков, Латифжон Содиқбеков, Султонбек Тўхтабеков, Санжарбек Асфандиёров, Султонмасъуд Холботиров, Султонмаҳмуд Холботиров, Шоҳрух Холботиров сингари ўнлаб жадидлар ҳаёти ва тақдири, улар устидан ўтказилган тергов жараёнлари ҳақидаги маълумотлар баён этилган.

“Катта террор”да қатағон қилинган миллий раҳбарлар” сарлавҳали мақолада эса миллий раҳбарлар тошкентлик Ғулом Ёқубов, хивалик Воис Раҳимийнинг ҳаёти, фаолияти, уларга қўйилган айбловлар, қатағон жараёнларига оид тарихий ҳужжатлар хусусида сўз юритилган.
Марғилонлик пахта тайёрловчи, йирик бой, Қўқон мухтор ҳукумати аъзоси Абдуллахон Абдураҳмонов 1929 йилда Марғилондаги “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилоти раҳбарининг ўринбосари, босмачиларни қурол-яроғ билан таъминлаган, таълим муассасаларида миллатчилик ишларини олиб борган, деган тамға билан ҳибсга олинган.
“Жадид Абдураҳмон Абдуллахонов – қатағон қурбони” деб номланган мақолада ана шу инсон, унинг фаолияти, унга қўйилган айбловлар, унинг тақдири ҳақида кенг маълумотлар берилган.
1896 йилда Тошкентда туғилиб, 1937 йилга, яъни қамоққа олингунга қадар ЎзССР Ер-сув ишлари халқ комиссарлиги, Ўзбекистон Наслчилик идораси тайёрлов бошқармасида хизмат қилган Муҳаммад Одилий ҳақидаги мақолада ушбу шахснинг аянчли тақдири хусусидаги тарихий ҳужжатлар асосидаги маълумотлар тақдим этилган.
СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси сайёр судининг 1938 йил 4 октябрдаги йиғилиши қарорига асосан, Муҳаммад Одилий олий жазо – отувга ҳукм этилган.
“Дархон” газетаси, 1923 йил 10 август, 13-сон” номли мақолада ўтган асрнинг 20-йилларида Андижонда араб ёзувида чоп этилган “Дархон” газетаси ҳақида сўз юритилади. Хусусан, газетанинг 1923 йилдаги 13-сонида чоп этилган мақола ва хабарлар келтирилади.

Халқ мулкини талон-тарож қилган шахслар ҳақидаги “Чаканачилар” мақоласида ана шу тоифа кишилари билан муросасиз бўлиш, уларга қарши курашиш ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, газета саҳифаларида “Лўзан – Туркиянинг енгилиши” мақоласида Лоззанна шаҳрида Туркиянинг иттифоқчилар билан шартнома имзолаганлиги, “Япўния дўстлиғининг сабаби” номли мақолада Россия ва Япония муносабатлари, “Ҳиндистонда тўпаланг” сарлавҳали хабарда Ҳиндистоннинг Алигар шаҳрида олий мактаб мусулмон талабалари билан полиция ўртасида қонли тўқнашувлар бўлганлиги ҳақидаги материаллар берилган.
Мақолада “Дархон” газетасининг ана шу сонида берилган барча материаллар айнан келтирилган.
“Ўзбекистонда фуқаролик авиацияси вужудга келиши тарихидан” деб номланган мақолада Марказий Осиёда фуқаро авиациясини йўлга қўйишдаги дастлабки уринишлар кутилган натижа бермаганлиги баён этилади.
1920 йилда Бухоро амрлиги ҳудудига қилинган ҳужумларда айнан аэропланлар ёрдамида бомбалар ёғдирилганлиги, амрликнинг енгилишида муҳим роль ўйнаганлиги таъкидланади.

Умуман, мақолада, юртимиз фуқаро авиацияси тарихига оид маълумотлар тақдим этилади.
“Файзулла Султонов “катта террор” қурбони” сарлавҳали мақолада асли Ўшда туғилиб ўсган, Боку ва Туркияда таҳсил олган, кейинчалик прокуратура тизимида ишлаган Файзулло Султоновнинг қатағон қурбони бўлиши билан боғлиқ маълумотлар келтирилган.
Бундан ташқари, журнал саҳифаларида Андижон давлат университети ўқитувчиси Отабек Абдурауповнинг “Ўзбекистон қирғизларига оид тарихий-этнографик маълумотлар”, профессор Акрамжон Юлдашевнинг Таълим бор жойда тарбия бўлиши шарт”, профессор М.Исоқов, доцент Р.Алимовнинг “Таълим ва фан интеграциясининг ёрқин ифодаси”, Қарши давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Д. Раҳматованинг “Туркистон маърифатпарвар зиёлиларига эҳтиром” номли мақолалар ҳам ўрин олган.
Бир сўз билан айтганда, “Водийнома” юртимизда XIX аср охири ва XX аср бошларида олиб борилган миллий озодлик ҳаракатлари, инқилобий ўзгаришлар, жадидчилик ҳаракати, қатағон қурбонлари ҳақидаги тарихий ҳужжатларни кенг жамоатчиликка таништириш, илм-фанни ривожлантириш баробарида тарих кўзгусига айланмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари