Гуллар шаҳри Наманганнинг довруғи нафақат Ўзбекистон, балки хориж давлатларида ҳам машҳур. Айниқса, ҳар йили ўтказилиб келинаётган Гуллар фестивали унинг довруғини янада оширмоқда. Бу шаҳар кўплаб маданий тадбирлар билан биргаликда спорт мусобақалари марказига ҳам айланиб улгурди.
Шу кунларда Наманган шаҳрида ўн саккиз ёшгача бўлган (U-18) ёшлар ва қизлар жамоалари ўртасида гандбол бўйича бўлиб ўтаётган Ўзбекистон чемпионати ҳам қизғин ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва Гандбол федерациясининг 2025 йилги спорт мусобақалари тақвим режасига асосан Наманган Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида уюштирилган чемпионатда мамлакатимизнинг энг сара жамоалари чемпионлик учун ўзаро баҳслашмоқда.

Ёшлар биринчилигида Андижон, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё, Наманган, Навоий, Жиззах, Сирдарё вилоятлари спортчилари қатнашмоқда.
Қизлар биринчилигида Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Андижон, Хоразм, Наманган, Тошкент вилоятлари спортчи қизлари ўзаро баҳс олиб боришяпти.


Қизлар биринчилигининг дастлабки кунги натижалари қуйидагича бўлди: Жиззах – Самарқанд: 30:25, Сирдарё – Фарғона: 23:11, Андижон – Хоразм: 34:27, Наманган – Тошкент в.: 27:5. Ёшлар биринчилигида эса қуйидаги натижалар қайд этилди: Андижон – Самарқанд: 24:17, Фарғона – Сурхондарё: 28:32, Наманган – Навоий: 38:37, Жиззах – Сирдарё: 18:10. Мусобақалар 9 апрелгача давом этади.
Н.Раҳмонова, ЎзА