Бугун Фарғонанинг сўлим Водил қишлоғида 1 июнь – Халқаро болалар кунига бағишланган кураш ва белбоғли кураш мусобақалари бошланди.
Ҳамид ва Темир полвонлар хотирасига бағишланган мазкур мусобақада мамлакатимиз ҳамда қўшни Қирғизистон, Тожикистоннинг 300 нафарга яқин курашчилари иштирок этмоқда.
– Ушбу халқаро турнир бу йил 20-марта ташкил этилмоқда. Мусобақа айнан халқаро болалар кунига бағишланиб ўтказилишида рамзий маъно бор. Халқаро турнир жажжи спортсеварлар ва уларнинг ота-оналари учун нафақат кураш, балки спорт ва санъат байрамига айланади.
Шу куни навқирон ўғил-қизларимиз ўз санъатини намойиш этишади, бўлғуси ёш спортчилар илк бор кураш гиламига қадам қўйишади. Бугун кун мобайнида кураш беллашувлари қатори турли байрам томошалари ташкил этилади, – дейди мусобақа бош ҳаками Содиқжон Деҳқонов.
Халқаро турнир давомида кураш ва белбоғли кураш бўйича 5 нафардан ўғил болалар ва 3 нафардан қизлар баҳслашишади. Бугун саралаш мусобақалари бўлиб ўтса, эртага барча вазнларда ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Т. Рўзиев, ЎзА