Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вобкентлик пахтакорлар вилоятда биринчи
11:35 / 2025-10-21

Бухоро вилояти Вобкент тумани пахтакорлари вилоятда биринчи бўлиб режавий шартномани бажарди.

Жорий йил ҳудудда жами 332 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 8 минг 750 гектардан зиёд майдонда саноат учун қимматбаҳо хомашё етиштирилди. Муҳими, унинг аксарият қисми юқори навларга сотилди. Етиштирилган ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиштириб олиш учун мавсум бошидан 196 та терим отряди шакллантирилди. Улар таркибига 10 мингдан ошиқ кўнгилли теримчи ҳамда 9 та юқори унумли замонавий пахта териш машинаси жалб этилиб режадаги 38701 тонна ўрнига 38952 тонна пахта хомашёси давлатга топширилди.

Миришкор деҳқонларнинг узоқ йиллик фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси қўл келиб, бугун юксак хирмон барпо қилинди. Бунда яқин ҳамкор сифатида агрокластер билан биргаликда “Роҳкент”, “Эҳсон”, “Хайробод”, “Пирмаст”, “Кумушкент” каби 15 та ҳудудда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари улкан хирмонга катта улуш қўшди.

Таҳлилларга қараганда, ҳудуд далаларидан қабул масканларига ҳар куни ўртача 1 минг 300 тонна атрофида “оқ олтин” етказиб берилди. Теримчиларга ҳозирга қадар “Агробанк” туман филиали томонидан 60 миллиард сўмдан зиёд маблағ тарқатилди.

Бугунгача фермер хўжаликларининг 85 фоизи маррага етиб келган бўлса, уларнинг аксарияти биринчи теримдаёқ зиммаларидаги мажбуриятни бажардилар. Вобкентда режа бажарилган бўлса-да, далаларда ҳосил ҳали кўп. Айни кунда туман пахтакорлари фақат шартномани бажариш билан чекланиб қолмай, даладаги ҳосилни сўнгги мисқолигача йиғиб олишни мақсад қилган.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.