Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вобкентлик “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар тадбиркорликка жалб қилинмоқда
17:34 / 2021-03-10

Бухоро вилояти бўйича 26 минг 928 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган.

Халқ банки, маҳаллий ҳокимликлар ва маҳаллалар билан биргаликда аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш масалалари ўрганиб чиқилди. Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган 7 минг 775 та аёл тадбиркорлик қилиш истагини билдирган. 

– Ҳудудимизда 2 минг 466 нафар аҳоли яшайди, – дейди Вобкент тумани "Ўзбакон"  маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўхта Сафаров. 

– Йиғинда 498 та хонадон, 768 та оила мавжуд. 24 нафари “Темир”, 31 нафари “Аёллар”, 24 нафари “Ёшлар” дафтарларига киритилган. Ҳудудда 200 нафардан ортиқ ишсиз бор. Ҳудудимиз жорий йилда “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилди. Дастур доирасида 3 км йўл шағаллаштирилди. 15 та симёғоч янгиланди. 127 та хонадоннинг фасад қисми оқлаб тозаланди. 2 км ариқ-зовурлар тозаланди. Газ трассалари тартибга келтирилди. 400 метр электр кабели тортилди. Ҳудудимиздаги 34-умумтаълим мактаби 1991 йилда боғча ўрнида мослаштирилган бинода ташкил қилинган. Мазкур бинода спорт ва мажлислар зали мавжуд эмас. Хурсандлигимиз, давлат дастури асосида 330 ўринли спорт ва мажлислар зали билан мактаб қурилади, 8 км ичимлик суви олиб келинади. 56 та тунги ёритгич ўрнатилади, 1 км ички йўллар асфальт қилинади.

“Халқ банки” АТ ҳудудий бўлими томонидан ҳудуддаги 20 нафар аёлнинг хонадонида субсидия ва имтиёзли кредит асосида 1 ва 3 сотихли иссиқхоналар қурилди.

– Авваллари турмуш ўртоғим билан бировнинг иссиқхонасида ишлардик, – дейди “Порлоқ келажак” қишлоғида яшовчи Шоҳиста Очилова. 

– 2 нафар фарзандимиз бор. Иш жойимиз узоқлик қилгани учун айни пайтда ишсизмиз. Ишчи гуруҳи мени “Аёллар дафтари”га киритди. Туман Халқ банки томонидан тажрибамиз борлиги сабабли томорқамизда 3 сотихли субсидия ва имтиёзли кредит асосида иссиқхона қуриб берилди. Айни пайтда иссиқхонада помидор экдик. Кейин бодринг ва кўкат экишни режалаштиряпмиз. Йилда 3 маротаба ҳосил олиб даромад олиш ниятидамиз.  

Маҳаллада 2 та оила ажрим ёқасига келиб қолганди. Лекин жамоатчиликнинг аралашуви натижасида 1 та оила тикланди. 1 та оила билан маҳалла аҳли иш олиб бормоқда.  

Вобкентлик Ҳалима Қурбонова “Порлоқ келажак” қишлоғида яшайди, 3 фарзанднинг онаси, ҳозирда оғир касалликка чалинган. Ишчи гуруҳи аёлнинг турмуш шароитини ўрганиб, “Аёллар дафтари”га киритди.

[gallery-1487]

– Давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга олиндим, – дейди Ҳалима Қурбонова. 

– Доимо маҳалламиз томонидан хабар олинмоқда. Яқинда Туман Халқ банки томонидан тажрибамиз борлиги сабабли томорқамизда 3 сотихли субсидия ва имтиёзли кредит асосида иссиқхона қуриб берилди. Айни пайтда иссиқхонада фарзандларим сабзи экди. Лимон ниҳоллари ўтқазилди. Авваллари ўғилларим Россия давлатига қатнарди. Ҳозир ўз юртида, оиласи бағрида меҳнат қилмоқда.  

 

– Ўзим шаҳарда туғилиб, қишлоққа келин бўлиб тушганман, –  дейди Пахтакор қишлоғида яшовчи Гулистон Рўзиева. 

– Оилавий товуқчилик билан шуғулланиб келяпмиз. 8,6 миллион сўм кредит маблағи олиб биринчи марта жўжалар харид қилиб олдим. Кредитимни ёпиб фойдасига 900 та бройлер жўжалари сотиб олдик. 42 кунга 2,5 кг дан 4 кг гача гўшт қилади. Тайёр маҳсулотни харидорлар уйдан олиб кетади. Мана шу меҳнатимиз эвазига уй қурдик, мошина олдик. Ҳозирда шу соҳани кенгайтиришни мақсад қилиб қўйдик. Меҳнат қилса албатта, ҳаммасига эришса бўлади.

Бугун ҳудуддаги аҳоли, айниқса, аёллар Халқ банки томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар асосида тадбиркорликни йўлга қўйиб, оилавий даромадларини оширмоқда. Томорқаларда етиштирилган маҳсулотлар бозорлар пештахталарида сотилмоқда.  

 

Зариф Комилов,  

Тоҳир Истатов(сурат)

ЎзА