English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Владивостокда Спортчилар шаҳарчаси тантанали очилди
08:41 / 2022-07-28

VII “Осиё болалари” ўйинларида иштирок этадиган давлатларнинг спорт делегациялари Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрига етиб келди.

Кеча, 27 июль куни Приморье ўлкаси марказидан 40 километр узоқликда жойлашган дам олиш маскани бўлган “Океан” оромгоҳида “Осиё болалари” спорт ўйинлари иштирокчилари шаҳарчаси расман фаолиятини бошлади. 

Спортчилар шаҳарчаси фаолияти бошлаганлиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. 



Олимпия қишлоғи кўринишини олган масканнинг очилиш маросимида 13 та давлат – Ўзбекистон, Арманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ливан, Мўғулистон, Россия, Покистон, Таиланд, Туркманистон спорт делегациялари жам бўлишди. 

Ранг-баранг безаклар, болалар спортининг қувончи, унинг шахду шиддатини ўзида акс этган театрлаштирилган саҳна кўринишидаги тадбир ёш спортчиларнинг дўстлик, ҳамжиҳатлик байрамига айланди. 



Икки мингдан ортиқ ёшлар тўпланган байрамда мамлакатимиз ёшлари, уларга бириктирилган волонтёрлар хорижий мамлакат ёшлари билан ўйинлар олдидан дўстлик ришталарини мустаҳкамлашди. 

– Биласизми, бир ҳафта мобайнида Владивостокда ёмғирли об-ҳаво кузатилаётган эди. Биз учун қадрли бўлган Ўзбекистон спортчиларининг Владивостокка келиши ўзига хос бўлди. Сизнинг жамоангиз шаҳримизга қуёшни олиб келди. Бугундан Владивосток осмони ёрқин қуёшни кўрди. Ўйинларда ўзбек спортчиларининг 14 йиллик танаффусдан кейин  қатнашаётганлиги мусобақалар мавқеини кўтариши шубҳасиз. Чунки, бугунги кунда кўплаб якка кураш спорт турларида, айниқса самбо, бокс, дзюдода Ўзбекистон спортчиларининг халқаро майдонда етакчи ўринларни эгаллаб келаётгани сир эмас. Бу, сўзсиз спорт мусобақаларининг мавқеини янада оширишга хизмат қилади. Фикримча, “Осиё болалари” ўйинлари Ўзбекистон ёшларисиз кемтикроқ бўлиб қоларди, – дейди бизга ҳамроҳлик қилаётган маҳаллий спорт фаоли Дмитрий. 

Спортчилар шаҳарчасининг очилиш маросимида қатнашган Россия олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняков, “Осиё болалари” халқаро ўйинлар қўмитаси президенти Владимир Максимов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги мутахассислари ҳамда иштирокчи давлатларнинг спорт мутасаддилари ҳам қатнашиб, иштирокчиларни бошланажак ажойиб спорт айёми билан қутлашди. 



Осиё болалари спорт ўйинлари тарихида Ўзбекистон боксчиларининг бундан 14 йил муқаддам кўрсатган натижаси ҳали-ҳануз кўпчиликнинг ёдида. Ўшанда, Россиянинг Якутск шаҳрида ўтган “Осиё болалари” спорт ўйинларида боксчи ёшларимиз 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларига мушарраф бўлганди. Бу гал қандай натижа қайд этилади? 



– Барчасини ринг кўрсатади. Кучли таркиб билан келганмиз. Ўйинларда Россиянинг 6 та жамоаси алоҳида таркиб билан қатнашаётганлигини назарда тутсак, ёшларимиз учун осон бўлмайди. Уларда ҳар бир вазнда 4-5 та бир хил формадаги кучли ёш боксчилар бор. Бири-биридан қолишмайди. Бундан ташқари Ҳиндистон, Қозоғистон, Покистонда ҳам иқтидорлилар етарли. Шундай экан, ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Ўзи башорат қилишни ёмон кўраман. Аммо, юртимиз шаъни учун ҳар бир раундда жанг олиб борамиз, – дейди бокс бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Бекзод Хидиров. 

Бугун, 28 июль куннинг иккинчи ярмида Владивостокдаги “Фетисов спорт арена” мажмуасида ўйинларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. 



Айни дақиқаларда жамоаларимиз аъзолари белгиланган масканларда ўқув-машғулот йиғинларида қатнашмоқда.

Тўлқин Рўзиев,
ЎзА 
Владивосток, Россия