Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Владивосток спорт майдонларида Ўзбекистон байроғи 114 марта кўтарилиб, 41 марта мадҳиямиз янгради
11:24 / 2022-08-07

Комплекс спорт мусобақаларида умумий муваффақият сон ва сифатга боғлиқ. Владивостокда поёнига етиб бораётган VII “Осиё болалари” ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 174 нафар спортчи-ёшлар билан қатнашиб, 41 та олтин, 28 та кумуш ҳамда 45 та бронза медалларига эга чиқди.

Умумжамоа ҳисобида 21 та жамоа орасида 2-ўрин қўлга киритилди.

Бу - Янги Ўзбекистонда салоҳияти юқори янги спортчилар авлоди камолга етаётганлигини кўрсатди.

Шу билан бирга, Владивосток мусобақалари спорт мутасаддилари, мутахассислар учун соҳа тараққиёти йўлида қилиниши керак бўлган бир қатор вазифаларни ҳам кун тартибига олиб чиқди.

Хўш, ўйинлардаги кўрсаткичлар юртимиз спортчилари белгиланган режани бажарди, дейишга изн берадими? Қайси спорт турларида биз етакчиликка эришдигу, қай бир йўналишларда сусткашликка йўл қўйдик? Мазкур ўйинлар спорт турларидаги селекция ишлари қай даражада эканлигини англатдими? Узоқ Шарқ спорт майдонларида қатнашган ўсмир-спортчиларимиз орасида бўлғуси олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила оладиганларни кўрсата билдими?

Саволлар кўп. Уларнинг барчасига бир сўз билан «Ҳа» ёки «Йўқ», деб қўйиш ҳам мумкин. Аммо, ўйинларда вакилларимиз қатнашган 17-18 та спорт турида ҳар бир спортчимизни, жамоаларимиз эришган натижаларни таҳлил этган тарзда ёндашилса, кўп нарса ойдинлашади.

Албатта, бу борадаги таҳлил ва таклифлар ташхисини белгилашни Спортни ривожлантириш вазирлиги, унинг тегишли бошқармаларида, олий спорт маҳорати мактабларида, федерацияларда, миллий олимпия қўмитасида шу масала бўйича шуғулланаётган мутахассислар ҳукмига қолдирамиз.

Уларнинг ишини яримта қилиш фикридан йироқ бўлган ҳолда, очиқ айтиш керак, бокс, дзюдо, таэквондо, спорт курашлари, самбо вакиллари ва баскетбол 3х3, соҳил волейболидаги қизларимиз, енгил атлетикада учта олтин медалга эга чиққан Рустам Абдуллаев ҳамда бошқа айрим йўналишлардаги истеъдодли вакилларимизнинг шиддатли баҳслардаги жонфидолиги келгуси жаҳон чемпионатларида, олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортининг шаъни учун курашадиган янги авлод шаклланаётганлигини кўрсатди.

Бу борада мутахассис-мураббийлар, федерация вакилларининг хизматларини ҳам таъкидламоқ лозим. Спорт курашларида ёш мураббийлар Исматилла Жабборов ва Санжар Машрабов, таэквондода Дадахон Ғофуров, дзюдода Тоҳир Файзиев, боксда Бекзод Хидиров, курашда Олим Равшанов, стол теннисида Саида Маҳмудова, баскетбол 3х3да Қаҳрамон Ортиқов, соҳил волейболида Гулноза Хўжакова каби ёш ва интилувчан мураббийлар ўйинлар давомида шогирдларини ғалаба сари етаклай олди.
Владивосток спорт майдонларида 114 марта Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, 41 марта мадҳиямиз янграшида айнан ушбу мутахассисларнинг алоҳида хизматлари бўлганлигини эътироф этмоқ лозим.

Баъзи жамоалар, таассуфки, Владивостокка «ярим соатлик ўйинлар учун» келиб кетаётганлиги ҳам сир эмас.

Ёш спортчиларимиз, жамоаларимиз шу иштироки билан тажрибаси, маҳорати ортди, халқаро спорт майдони ҳавосидан баҳра олди, дейсизми? Балки, лекин... маҳорат, тажриба комплекс мусобақалар орқали эмас, ўртоқлик учрашувлари, халқаро машғулотлар, алоҳида турнирлар орқали қўлга киритилишини ҳам назардан қочирмаслик керак

Айтиш жоиз, «Осиё болалари» ўйинларида энг сермаҳсул қатнашган спорт тури вакиллари айнан Бекзод Хидиров етакчилигидаги ёш боксчиларимиз бўлди. Улар 100 фоизлик натижани қайд этди. 18 нафар ўсмир спортчилар мураккаб жанглар, руҳий босимлар остида ўтган баҳслар якунида 18 та медаль, яъни 8 та олтин, 2 та кумуш, 8 та бронзага эга чиқди.

Сир эмас, Россия Федерацияси бугун дунёда бокс спорт тури ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Рус диёрида бокс бўйича ҳар бир вазнда техник-тактик иқтидори юқори бўлган 5-6 нафардан боксчи бор. Ўйинлардаги мусобақаларда ёш боксчиларимизнинг ҳар бир жанги финал даражасида ўтди. Якунда барчаси совринли ўринларни қўлга киритди. Бу - Ўзбекистон бокс «фабрикаси» сермаҳсуллигидан далолат.

Энди ўйинлар мобайнида айрим спорт турларида қанча спортчи қатнашганлиги ва медаллар салмоғи хусусида қисқача тўхталиб ўтсак.

Владивосток мусобақаларида спорт курашлари вакиллари 21 нафар спортчи билан қатнашиб, 9 та олтин, 5 та кумуш, 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Сузувчилар 14 нафар спортчи билан 1 та кумуш, 2 та бронза, 24 нафар енгил атлетикачилар 4 тадан олтин-кумуш ва 8 та бронза, 17 нафар дзюдочи ёшларлар 7 та олтин, 3 тадан кумуш-бронза, 8 нафар таэквондочи 3 та олтин, 2 тадан кумуш-бронза, 4 нафар стол теннисчимиз 1 та кумуш, 2 та бронза, 8 нафар бадиий гимнастикачилар 2 та кумуш, 3 та бронза, 9 нафар курашчимиз 7 та олтин, 1 тадан кумуш-бронза.

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Лекин мини-футбол, камондан ва милтиқдан ўқ отиш каби спорт турларидаги вакилларимиз зарур бўлган ютуқларга эриша олмаганлиги медалларимиз салмоғига салбий таъсир кўрсатганлиги рост.

Шу тариқа айтиб ўтганимиздек, бугун 7 август куни якунланган сўнгги мусобақалар натижасига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси «Осиё болалари»нинг умумий 273 та медаллар жамғармасининг 114 тасини қўлга киритди. Умумжамоада 119 та (45-38-36) медалга эга Сибир федерал округидан кейин 2-ўринни эгалладик.

«Осиё болалари» ўйинлари давомида Туркманистон 16 та, Қозоғистон 15 та, Қирғизистон 7 та, Арманистон ва Эрон 4 тадан, Ҳиндистон 3 та медаллар жамғармасига сазовор бўлди.

Бугун, 7 август куни кечки пайти VII «Осиё болалари» ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими ташкил этилади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА