Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Владивосток шаҳридаги “Triliton” заводида ўзбекистонлик ишчилар билан учрашув ўтказилди
09:33 / 2021-08-25

Сирдарё вилояти делегацияси аъзоларининг бу галги манзили Россия Федерациясининг Владивосток шаҳридаги “Triliton” бетон заводи бўлди. Заводда фаолият кўрсатаётган ватаншодлар билан учрашув ўтказилди.

Владивостокдан Сирдарё вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси, делегация аъзоси Муроджон Ҳайитов ЎзА мухбирига хориждаги юртдошларимиз билан бўлган учрашув таассуротларини гапириб берди.

– Ўзбекистон Республикаси Сирдарё вилояти делегацияси ҳамда Россия Федерациясининг Владивосток шаҳри Бош консулхонаси билан ҳамкорликда “Triliton” бетон заводида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўзбекистонлик завод ишчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ўтган давр мобайнида қандай ютуқларни қўлга киритгани, сўнгги йиллардаги ривожланиш мобайнида жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори, ватаннинг тинчлиги, ҳар бир фуқаронинг ғурур билан “Мен ўзбекман” деб фахрланишига етарлича асос борлиги ҳақида сўз борди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон жуда кўплаб ютуқларга эришди. Энг асосийси, қандай оғир бўлмасин, қандай тўсиқларга дуч келмасин, ота-боболарининг кўп минг йиллик қардриятларига содиқ қолган халқ сифатида бутун оламга бор бўй-бастини кўрсата олди. Миллий қадриятлар ўзбек халқининг энг катта бойлиги эканлиги, дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлиш ҳар бир фуқаронинг виждоний бурчи эканлиги тушунтирилди.

Бу йил давлат мустақиллигининг шонли 30 йиллик санасини нишонлаш муҳим жараёнлардан бири бўлса, яна бири шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган Президентлик сайловида завод ишчиларининг ўз конституциявий ҳуқуқларидан тўла фойдаланган ҳолда фаол иштирок этишидир. Шу билан бирга, ватандошларга Владивосток шаҳридаги Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси ҳузурида сайлов участкаси тузилиши бўйича маълумот ҳам берилди.

Суҳбат давомида дунёда бўлаётган нотинчлик, пандемия ҳақида ҳам сўз борди. Бунда фуқароларга турли хил намойишлар, тартибсизликларда иштирок этмаслик, бегона ғояларни тарғиб қилувчи турли оқим, ташкилотларга эргашмаслик, маҳаллий урф-одат ва анъаналарни ҳурмат қилган ҳолда Россия Федерациясининг миграция ва бошқа қонунларига риоя этишлари алоҳида таъкидланди.

Самимий суҳбат сўнггида ватандошларимизга миллий дўппилар, Ўзбекистоннинг таниқли шоирлари қаламига мунсуб шеърий тўпламлар байрам муносабати билан совға қилинди.

 

ЎзА мухбири Шуҳрат Суяров ёзиб олди.