Бугун, 5 август куни Владивостокда давом этаётган «Осиё болалари» ўйинлари дастуридан ўрин олган мас-рестлинг мусобақаларида ўзбекистонлик спортчилар матонат кўрсатишди.
70 ва 80 килограмм вазнларда иштирок этган ёш спортчиларимиз Козимбек Арслонов ҳамда Станислав Пак Узоқ Шарқ ўлкасига бекорга келмаганлигини намойиш қилишди. Саралашлардан муваффақиятли ўтган Козимбек Арслонов кумуш, Станислав Пак бронза медалига эга чиқди.

Ўйинлар дастуридан ўрин олган бокс баҳслари ҳамюртларимиз учун ҳақиқий имтиҳон майдони бўлди. Улар Владивосток рингида қайсидир маънода жаҳон боксининг етакчилари бўлган акалари шаъни учун ҳам жанг олиб боришди.
Бугун қизлар ўртасида олтин медаллар учун жанглар бўлиб ўтди. Шиддатли мусобақалар якунига кўра, 46 килограммда Жасмина Тоҳирова ва 52 кг. вазнда Ҳилолахон Машрапова ўйинларнинг кумуш медалига эга чиқди. 50 кг. оғирликда Зилола Юсупова ҳамда 54 кг.да Узукжамол Юнусова рақибларини мағлуб этиб, «Осиё болалари» ўйинларининг олтин медалларига сазовор бўлишди.

Ёш мураббий Илёс Қодиров етакчилигидаги мас-рестлингчиларимиз ва боксчи қизларимизнинг 3 та олтин, 3 та кумуш ҳамда 1 та бронзаси эвазига Ўзбекистон спорт делегацияси Владивостокда поёнига етиб бораётган ўйинларда умумжамоадаги ўрнини 90 тадан ошиқ медаллар жамланмаси билан янада мустаҳкамлашга эришди.
Эртага, 6 август куни «Осиё болалари» ўйинларининг охирги мусобақалар кунида ҳамюртларимиз бокс ҳамда миллий спорт туримиз – кураш бўйича совринли ўринлар учун майдонга чиқади. Шунингдек, мини-футбол ўйинларида ҳамюртларимиз 5-6-ўринлар учун Приморе вакиллари билан баҳслашади.


Бундан ташқари, бадминтон, камондан ва милтиқдан ўқ отиш бўйича сўнгги мусобақалар ўтказилади.
Т. Рўзиев, ЎзА