Осиё болалари спорт ўйинларида қатнашаётган спорт делегациямизнинг медаллар жамғармасига Далер Суфянов сузиш мусобақасида бронза медали билан ҳисса қўшди.
Бошланганига икки кун бўлган VII “Осиё болалари” спорт ўйинларининг 30 июль кунги мусобақалари ҳамюртларимиз учун кутилган ва кутилмаган натижаларни туҳфа этмоқда.
Хабар берганимиздек, кеча сузиш спорт турида ҳамюртимиз Асадбек Абдумаликов Ўзбекистон спорт жамоаси ҳисобига дастлабки кумуш медални тақдим этганди.
Бугун, 30 июль кунги сузиш мусобақаларида спортчилар 10 та йўналишдаги совринли ўринлар учун кураш олиб боришди.
Вакилларимиз дастурдаги деярли барча йўналишларда қатнашмоқда. Улар орасида халқаро мусобақада илк бор қатнашаётганлигини назарда тутсак, бу, натижаларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, истеъдодли спортчиларимиз 13 та давлат ҳамда Россия Федерациясининг 8 та ҳудудидан қатанашётган тенгдошларидан ҳеч бир жиҳатдан қолишмасликка ҳаракат қилишмоқда.100 метрга баттерфляй усулда сузишда терма жамоамиз аъзоси Далер Суфянов 56,67 натижа билан бронза медалини қўлга кирилганлиги бунга ёрқин далилдир.

Мусобақаларни бошқариб боришда бевосита иштирок этаётган Халқаро сузиш федерацияси мутахассиси Вадим Ахмадиев Осиё болалари ўйинларининг моҳияти, унда сузиш бўйича Ўзбекистон жамоасининг иштироки хусусида қуйидагиларни гапириб берди:
- Албатта, Осиё минтақасида олдинлари болалар ўртасида бундай миқёсдаги мусобақа йўқ эди. Масалан, Европа қитъасида сузиш бўйича болалар ўртасида, айнан 14-16 ёшлилар орасида кўплаб мусобақалар, комплекс ўйинлар ўтказилади. Осиё қитъасида ҳам шу тизимдаги ўйинлар ташкил этилиши йўлга қўйилганлиги ёш болаларнинг халқаро тажрибаси ошишига хизмат қилади. Баҳсларда қатнашаётган ўзбекистонликлар ҳақида нима дейишим мумкин? Сўзсиз, мамлакатингиз ёшлари орасида катта истеъдодга эга бўлган спортчилар кўп. Уларни шундай мусобақада қатнашиши учун шарт-шароит яратиб берилганлиги таҳсинга лойиқ.
Бу, келажакда катта ғалабаларни қўлга киритишга хизмат қилади. Асосийси, ўзбекистонлик ёшларда ғалабага бўлган иштиёқ баланд. Мусобақанинг умумий холати бўйича шуни айтишим мумкинки, Осиё болалари ўйинларидаги натижалар Халқаро сузиш федерациясининг рейтинг балларида қайд этилади. Бу, ушбу ёшлар босқичма-босқич 2028 йилги ва ундан кейинги Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларида қатнашиш учун бугундан замин ҳозирлай бошлаганлигини билдиради.
Ҳақиқатан мутахассис таъкидлаганидек, ёш болаларда бугундан шакллантирилаётган халқаро мусобақа кўникмаси келгусида ўз сўзини айтиши табиий. Лекин ортда қолган мусобақа кунларида юртимиз ёш сузувчилари 18 та медаллар жамланмасидан фақат икки донасига эга чиққанлиги мақсадларимиз ниятларимизга бир оз мос келмаётгандек.
Нима бўлганда ҳам умид қуёшиимиз сўнгги паллада чарақлашига, Владивостокдаги “Олимпия” сув ҳавзасида эртага ўтадиган баҳслар якунига кўра, Осиё болалари ўйинлари узра Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгаришига ишонгимиз келади.
Эслатиб ўтамиз, эртанги сузиш мусобақаларида яна 14 та медаллар жамланмаси ўйналади.
Т. Рўзиев, ЎзА