Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Владивосток-2022»: Матбуот анжуманида Ўзбекистон номи қайта-қайта тилга олинди
10:48 / 2022-08-04

Владивостокда давом этаётган «Осиё болалари» халқаро ўйинлари доирасида спортчилар, мутахассислар, мутасаддилар иштирокида матбуот анжуманлари, учрашувлар ўтказилмоқда.

Шундай анжуманлардан бири VII халқаро спорт ўйинлари дирекцияси раҳбари Элмир Валитов, «Осиё болалари» ўйинларининг бош ҳаками, Олимпия чемпиони Татяна Горбунова иштирокида ўтказилиб, унда ўйинларнинг енгил атлетика йўналишида учта олтин медални қўлга киритган спортчимиз Рустам Абдуллаев ҳам қатнашди.

Эътиборли жиҳати, анжуман давомида журналистларнинг саволларига жавоб берган VII «Осиё болалари» ўйинлари дирекцияси раҳбари Элмир Валитов спорт турларидаги баҳслар, кўрсатилаётган натижалар хусусида сўз юритиб, Ўзбекистон спортчиларининг маҳорати, ҳар бир ютуқ учун шиддатли кураш олиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизда ёшлар спортига қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларга юқори баҳо берди.

«Осиё болалари» ўйинлари енгил атлетика баҳсларининг учта йўналишида 3 та олтин медалга сазовор бўлган истеъдодли спортчимиз Рустам Абдуллаев матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб бериб, Ўзбекистонда болалар спортига алоҳида эътибор қаратилиши, замонавий спорт иншоотлари Ўзбекистоннинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам бунёд этилганини айтиб, Владивосток мусобақаларида Ўзбекистон спортчилари энг катта таркиб билан қатнашаётгани бунинг ёрқин далили, деди.

Матбуот анжуманида бугунги кунга қадар ўйинларнинг 106 та медаллар тўплами ўз эгаларига топширилгани, мусобақалар жараёнида ҳакамлар ҳайъатининг фаолияти, спортчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун турли оммавий спорт ўйинлари ўтказилаётгани айтиб ўтилди.


Т. Рўзиев, ЎзА