English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Владимир НОРОВ: Рақамли технологияларни ривожлантириш мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишини таъминлайди
10:54 / 2023-04-18

Гонконг (ХХР)да “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг 10 йиллик юбилейи муносабати билан бўлиб ўтган “Ажойиб янги дунё” халқаро форумида сўзга чиққан Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов мамлакатимизда рақамли технологияларни ривожлантириш мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишини таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганини таъкидлади.

МОХИ директори Ўзбекистон Президенти томонидан рақамли иқтисодиёт ва савдони ривожлантириш, электрон ҳукуматни, “блокчейн” ва сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича ўзаро шерикликни чуқурлаштириш таклиф этилганига урғу берди.

Айни йўналишда амалий натижаларга эришиш учун давлатимиз раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари ва ХХР IT-парклари негизида“Интеллектуал Ипак йўли” қўшма платформасини яратиш таклифини ҳам билдирди.

Ўз навбатида ХХР раиси Си Цзиньпин юқори технологиялар, жумладан, сунъий интеллект, улкан ҳажмдаги маълумотлар, ҳавойи ўтказмалар йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Яна бир муҳим жиҳат: бугунги кунда Хитой жаҳоннинг, тахминан, 80 мамлакати рақамли инфратизим лойиҳаларида иштирок этмоқда. Чин мамлакати ер юзи бўйлаб “Рақамли Ипак йўли” лойиҳаларига 79 миллиард доллар инвестиция киритган.

Интеллектуал тизимни жорий қилиш саноат компаниялари ва бизнес амалиётини ўзгартиради, иқтисодиётнинг барча йўналишлари – саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, банк иши, тибибёт, транспорт соҳаларида ишлаб чиқариш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

“Accenture” консалтинг компанияси хулосасига кўра, 2030 йилга бориб Саноат интернетининг жаҳон ишлаб чиқаришига қўшган ҳиссаси 14.2 триллион доллардан ошиши мумкин.

Шу муносабат билан Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида саноат Интернети ҳамда сунъий интеллект технологиялари соҳасида ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш ўта муҳимлиги қайд этилди. Мазкур ҳужжат ҳам мамлакатларимиз IT-парклари негизида “Интеллектуал Ипак йўли” қўшма платформаси тузилишини назарда тутади.

Ҳозирги вақтда, кўпчилик таниқли экспертлар эътироф этишича, Хитойда сунъий интеллект, саноат Интернети, нанотехнология ва квантли ҳисоблаш йўналишлари жадал ривожланиш босқичига кирмоқда. Айни йўналишларда ХХР иқтисодиётининг 20 та энг муҳим тармоғини қамраб олган 1500 дан зиёд лойиҳа амалга оширилаётгани эътиборга лойиқ.

Демак, мамлакатнинг бу борадаги тажрибаси Марказий Осиё давлатларида жиддий қизиқиш уйғотаётгани табиий.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

ЎзА