“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасига 500 дан ортиқ таклиф билдирилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришга бағишланган тадбир ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришга бағишланган тадбир ўтказилди.
Мазкур қонун лойиҳаси қўшни давлатлар, яқин ва узоқ хориждаги диний вазиятни, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий-тарихий анъаналарини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, халқаро меъёрлар талаблари, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олинган.
Тадбирда мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти, киритилаётган қўшимчалар, енгилликлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий принциплари киритилиши, ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланаётгани, вояга етмаган болаларни ўз хоҳишига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ихтиёрига зид тарзда диний ташкилотларга жалб этишга йўл қўйилмаслиги тўлиқ очиб берилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи бериляпти.
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач фуқаролар, таълим ва диний таълим муассасалари, турли конфессия вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлардан 500 дан ортиқ таклифлар келиб тушди. Уларнинг аксариятида янги таҳрирдаги қонун лойиҳасидаги ўзгаришлар маъқулланган.
Муҳокамалар жараёнида келиб тушган таклифлар таҳлил қилиниб, жойларда ёшлар томонидан янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида аҳоли ўртасида кенг тушунтиришлар олиб бориш зарурлиги таъкидланди.