Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Абдулла Қодирийнинг "Танланган асарлари" китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Адабий анжуманга миллий адабиётимизга қизиқувчи ёшлар, ижодкорлар, олимлар таклиф этилди.
Мазкур кутубхона директори, миллий маънавиятимиз ва китобхонликнинг фаол тарғиботчиси Умида Тешабоева Абдулла Қодирийнинг асарлари ҳали-ҳамон ёшлар, тадқиқотчилар, хорижлик адабиёт мухлисларида катта қизиқиш уйғотаётганини эътироф этди.

Бу тўплам янгича тартиб, янги таҳрир, ўқувчи билан маънавий мулоқот қилишда янгича ёндашув асосида чоп этилгани диққатга сазовор.
– Бу Абдулла Қодирий асарларининг шунчаки жамланмаси эмас, балки улуғ ёзувчининг ижоди янгича таҳрирланган, устоз ижодкор асарини янгича нигоҳ асосида ўқиб чиқишга имкон яратадиган китоблар, – деди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. – Унда Абдулла Қодирийнинг уч асари жамланган. Қодирий асарларидан иборат ушбу тўпламни нашрга тайёрлашда шунчаки меҳнат эмас, балки ижод аҳли, ноширларнинг ва муҳаррирларнинг миллий адабиётимизга бўлган чексиз муҳаббати, эътиқоди мужассамдир. Назаримда мумтоз асарлар сира эскирмайди, улар янгича талқин асосида китобхонлар қалбида мангу яшайди.
– Қаерда ўзбек бўлса, ўша ерда, албатта Абдулла Қодирийнинг номи қалқиб чиқади, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг маслаҳатчиси Салим Ашур. – Қодирий ўз асарлари билан миллат тимсолига айлаган ижодкор. Ижодда Абдулла Қодирий ҳаммамизга қандай ёзиш кераклигини кўрсатиб қўйди. Сўз санъатида ўзига хос ибрат мактабини ярата олган Қодирийнинг асарлари барча қаламкашлар учун намунадир. Унинг виждони ижодда асосий мезон эди.

Дарҳақиқат, «Dunyo nashr» нашриётида чоп этилган ушбу тўплам юқори сифати, дизайни, чиройли кўриниши билан, ва энг асосийси устоз Абдулла Қодирийнинг ўлмас ижод намуналари билан ҳар қандай китобхоннинг эътиборини тортиши аниқ. Жамланмадан Қодирийнинг уч машҳур асари – “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари тарихимизни рўй-рост гавдалантирса, “Диёри Бакр”да ёзувчининг фаолияти, ижтимоий ҳаётдаги ўрни, шахси, миллат равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлари акс этган. Устоз адибнинг асарларини ўқир эканмиз, Қодирийнинг наинки миллат фидойиси, балки келажак жонкуяри, ёниб турган қалб соҳиби эканини англаш мумкин. Бадиий асарлар ва публицистика ёзувчини қайта кашф этиш ва эъзозлаш учун етарли манба саналади. “Танланган асарлар”нинг нашрига адибнинг невараси, таниқли ижодкор Хондамир Қодирий масъул муҳаррирлик қилган.
Тақдимот анжуманида Абдулла Қодирий асарларининг аҳамияти, улуғ ёзувчининг жадидчилик ҳаракати равнақига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири