Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Виталий Пакерманов: Россияда ҳар учинчи чироқ айнан шу "ЗиО-Подольск" заводида ишлаб чиқарилган жиҳозлар ёрдамида ёнади (+видео)
21:35 / 2025-09-25

Жаҳон атом ҳафталиги доирасида журналистлар учун Россия Федерацияси Москва вилоятида жойлашган "ЗиО-Подольск" машинасозлик заводига пресс-тур ташкил этилди. Унда заводнинг имкониятлари ва ишлаб чиқариш жараёнлари намойиш этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, "ЗиО-Подольск" 1952-1954 йилларда дунёдаги илк атом электр станциясини (Обнинск шаҳри) қуришда иштирок этган ва шундан буён АЭС учун ускуналар ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш соҳасида Россиянинг етакчи корхоналаридан бири ҳисобланади. 

Завод реактор корпуслари, буғ генераторлари, сепаратор-буғ қиздиргичлари, турли босимдаги қиздиргичлар, иссиқлик алмашинувлари, фильтрлар ва бошқа кўплаб жиҳозларни тайёрлайди.

2007 йилдан буён корхона "Росатом" давлат корпорациясининг машинасозлик дивизиони таркибида фаолият юритади. 2014-2016 йилларда эса завод дунёдаги энг замонавий кема реактор қурилмаси - "РИТМ-200" асосий ускуналарини ишлаб чиқариб, етказиб берди.

"Росатом" машинасозлик дивизиони "Кичик қувватли атом станциялари" лойиҳа офиси директори вазифасини бажарувчи Виталий Пакерманов қайд этганидек, "ЗиО-Подольск" Россиядаги энг йирик холдинглардан бири бўлиб, атом станциялари учун зарур жиҳозларни ишлаб чиқаради.

[gallery-25482]

– Россияда ҳар учинчи чироқ айнан шу заводда ишлаб чиқарилган жиҳозлар ёрдамида электр энергияси билан ёнади. Биз тайёрлайдиган ускуналар "Росатом" иштирокидаги барча қурилишларда қўлланилади, – деди у.

Заводда 22 мингдан зиёд ходим фаолият юритади, 17 та ишлаб чиқариш майдончаси мавжуд. Бу йил корхона ўзининг 106 йиллигини нишонлаяпти. Ҳозирда "РИТМ" серияси реакторлари ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, "Ритм-200М" реакторлари Ўзбекистонда қуриладиган кичик қувватли атом электр станциялари учун ҳам мўлжалланган.

Мазкур реакторлар Ўзбекистонда тоза ва арзон электр энергиясини ишлаб чиқариш, аҳоли ва саноат талабини қондиришга хизмат қилиши, шунингдек, бутун Марказий Осиё энергетик хавфсизлигига ҳисса қўшиши кутиляпти.

"Ритм-200Н" эса "Росатом"нинг замонавий реакторларидан бири бўлиб, у "Арктика", "Урал", "Сибирь" каби атом музёрар кемаларда муваффақиятли ишлаяпти. Шу турдаги реакторлар ердаги кичик қувватли АЭСларда ҳам қўлланилиши режалаштирилган. Конфигурацияга қараб, улар 50-60 мегаватт электр қуввати ишлаб чиқара олади.

Россияда кўп йилдан ортиқ вақтдан буён синовдан ўтган ва ишончли ҳисобланган ушбу реакторлар энди Ўзбекистонда ҳам ишлатилиши кўзда тутилган.

Пресс-тур давомида икки мамлакат ҳамкорлигига алоҳида урғу берилди.

Биз ишлаб чиқариш имкониятларимизни очиқ намойиш қиляпмиз ва Ўзбекистон учун амалга ошираётган ишларимизни кўрсата олаяпмиз. Мамлакатларимиз ўртасида узоқ йиллик самарали ҳамкорликка умид қиламиз, –деди В.Пакерманов.

Шунингдек, таълим соҳасида ҳам қатор қадамлар ташланмоқда. Хусусан, 2019 йилда Тошкентда "МИФИ" университети филиали очилган бўлиб, у ерда келажакда "Ўзбек АЭС"да ишлайдиган мутахассислар тайёрланмоқда.

<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/5xHORKzdT4E?si=FNmvlmyyzSoZs_ob" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Насиба Зиёдуллаева, Муқимжон Қодиров (видео-сурат), ЎзА

Россия Федерацияси, Москва шаҳри