Долзарб мавзу
Ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган ҳозирги пайтда виртуал олам қулайликлари ошиб бормоқда. У вақт ва масофа танламаслиги, уйдан, ишхонадан чиқмасдан туриб ҳам яхши даромад топиш имкониятини яратгани билан кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бироқ, тараққиётнинг бу босқичида виртуал оламдан ғараз мақсадларда фойдаланиб, содда инсонларни “чув” туширишни касб қилиб олаётган фирибгарлар пайдо бўлгани ташвишлидир. Айрим содда, ишонувчан юртдошларимиз ана шундай қабиҳ ниятли шахслар “тўри”га илиниб, пешона тери эвазига йиллаб йиққан ҳалол маблағини беихтиёр виртуал тармоқ орқали фирибгарлар қўлига бериб юбормоқда.
Бошқармамизга бир аёл мурожаат этиб, унинг номига хориждан почта орқали 30 минг доллар келаётгани, у мазкур маблағни олиш учун чет эллик “сахий” инсонга 650 доллар ўтказиб берган бўлсада, Россия божхонасида ҳанузгача ушланиб тургани ва ушбу маблағни юбораётган шахс билан телефон орқали боғлана олмаётганидан нолиб қолди.
Суҳбат чоғида аёл фирибгарлар “қармоғи”га илингани маълум бўлди. Кейинги пайтда шу мазмунда мурожаат этаётган юртдошларимизга рақамли иқтисодиёт ҳаётимизнинг чамбарчас бир бўлагига айлангани, бу жараёнда ғаразли мақсадларда фойдаланишни касб қилган фирибгарлар содда инсонларни турли йўллар билан “чув” тушираётгани тушунтирилаётган бўлсада, афсуски ҳамон виртуал олам фирибгарларининг янги-янги найрангларига учаётган юртдошларимиз учраб турибди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 18 апрелда 2219-сон билан рўйхатдан ўтган Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг пул белгилари ва хорижий валютани (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва унинг муассасалари томонидан юбориладиганларидан ташқари) Ички ва халқаро почта орқали, шунингдек курьерлик жўнатмалари орқали жўнатиш тақиқланган.
Яқинда яна бир фуқаро бошқармамизга келиб, хорижлик “саховатпеша” компания танловида уни саралаб олгани ва 20 минг доллар ажратаётганини айтиб қолди. Бунинг учун чет эл компанияси вакили унга ижтимоий тармоқ орқали маблағни расмийлаштириш учун минг доллар тўлаш кераклигини ёзганини ҳам очиқлади.
– Орадан кўп ўтмай номимга 20 минг АҚШ доллари расмийлаштирилганини тасдиқловчи қоғозни интернет орқали юборди, – дея суҳбатни давом эттирди фуқаро.
– Шундан сўнг пул тайёр экани, почта орқали юборилаётгани, фақат чет эл божхонаси расмийлаштируви учун корхона вакилининг пластик карта рақамига 1000 АҚШ доллари ўтказиб беришим лозимлигини маълум қилди. Менинг номимга юборилаётган бу маблағ эртага почта орқали келса, уни қаердан олсам бўлади? Бу ерга божхонада расмийлаштириш тартибини билиш учун ҳам келдим. Суҳбат чоғида билдикки, бу фуқаро сўралган минг долларни ҳали хорижлик “қўли очиқ” шахсга ўтказиб бермаган экан. Шу ўринда айтиш лозимки, ахборотлашган оламдан бугун тўғри, мақсадли фойдаланаётган инсонлар илм-маърифат олаётган, янгиликлар билан танишаётган бўлса, бошқа бировлар соддалик қилиб, “ўргимчак тўри”нинг қалтис тузоғига тушиб қолмоқда.
Агар бу фикрни биз мисол келтирган иккита ҳолат билан таҳлил этадиган бўлсак, дўппини қўлга олиб ўйлаб кўринг: сизга хориждан етти ёт бегона кимса ҳеч қанақа шарт ва меҳнат талаб қилмасдан 20 ёки 30 минг долларни шундоққина бериб юбориши мантиққа тўғри келадими? Йўқ, албатта!
Демак, глобал тармоқда бегона шахслар билан мулоқот қилишда ҳушёр бўлиш, агар манфаат келтирувчи бирон таклиф бўлиб қолса, уни пухта ўргангач, қонунийлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда тегишли қарор қабул қилиш лозим.
Амалдаги қонунчилигимизда нақд хорижий валютани почта орқали юбориш тақиқланганини ҳам ёддан чиқармаслик зарур.
Маъруфжон Холиёров,
Сурхондарё вилояти
божхона бошқармаси бош инспектори
ЎзА