-
Мамлакатимизда ахборот технологияларидан хавфсиз фойдаланиш ва киберхавфсизликни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳага қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш, улар салоҳиятидан тўғри фойдаланиш ҳамда рақамли соҳада барқарор иммунитетни шакллантириш мақсадида қатор ҳудудларда амалий тадбирлар ташкил этилди.
Хусусан, Фарғона шаҳрида илк бор ўтказилган “CTF – Capture the flag” мусобақаси Республика “Киберхавфсизлик маркази”, вилоят ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилди. Беллашув доирасида семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ва иштирокчилар билимларини сараловчи киберқуизлар ўтказилди.
Мусобақада 40 нафар сараланган иштирокчи 7 соат давомида веб-қурилмалардаги заифликларни аниқлаш, криптография, реверс муҳандислик, тармоқ таҳлили, криминалистика ва стенография каби йўналишлардаги 11 та топшириқни бажаришда ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
Натижалар жонли монитор орқали кузатиб борилди ва сара иштирокчилар аниқланди.
• 1-ўрин — Анваржон Солижоновга, 2-ўрин — Муҳаммаддиёр Ҳабибуллаевга, 3-ўрин эса — Шоҳрух Муҳаммаджоновга насиб этди.
Ғолиблар вилоят ҳокимлиги томонидан 20 миллион сўмгача пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мусобақа билан ҳамоҳанг равишда Фарғонада йирик корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари, соҳавий мутахассислар иштирокида семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилди. Уларга киберхавфсизликнинг янги тенденциялари, сунъий интеллект билан боғлиқ хатарлар ва киберҳужумлардан ҳимоя механизмлари батафсил тушунтирилди.
Тадбир иштирокчиларига ИИБ масъуллари томонидан кибержиноятчиликдан огоҳлантирувчи тарқатма материаллар топширилди. Робототехника ва электроника қурилмалари кўргазмалари тарғибот ишларини янада бойитди.
Ушбу тадбирлар қаторида Тошкент вилоятида ҳам “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” бўлиб ўтди. Тошкент вилояти ИИББ томонидан шаҳар ва туманлардаги маҳалла уюшмаси ходимлари учун кибермаданиятни ошириш бўйича тарғибот ишлари ўтказилди.
Мутахассислар ички назорат, масъулият, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш ва ижтимоий тармоқларда хавфсиз фойдаланиш бўйича амалий кўникмалар бердилар. Шунингдек, Наманганда ҳам рақамли иммунитетни кучайтиришга қаратилган семинар ташкил этилди.
Косонсой туманида маҳалла етакчилари ва фаоллари учун ўқув-семинар ўтказилиб, интернетдаги фирибгарлик схемалари, пароллар муҳофазаси, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, болаларни онлайн хатарлардан асраш каби долзарб мавзуларда амалий маълумотлар тақдим этилди. Иштирокчилар қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Бухоро вилоятида ҳам ИИБ ва Солиқ инспекцияси ҳамкорлигида аҳоли ва ташкилотлар учун тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Учрашувларда кибержиноятларнинг кенг тарқалаётган турлари, фирибгарларнинг янги усуллари, хавфсиз онлайн фаолият учун тавсиялар ёритиб берилди.
Шу тариқа вилоятлар кесимида ўтказилаётган мазкур маърифий тадбирлар киберхавфсизлик соҳасида етук кадрларни тайёрлаш, аҳолида рақамли маданиятни ошириш ҳамда мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу каби ташаббуслар ёшларнинг қизиқишларини ривожлантириш, уларни замонавий таҳдидларга тайёрлаш ва келажакда миллий киберхавфсизлик тизимининг ишончли таянчига айланишига туртки бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bDXimemOJ_A" title="Viloyatlarda kibermadaniyatni yuksaltirish oyligi boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, У.Тўхтаев, ЎзА