English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоятдаги аграр соҳа раҳбарлари Наманган муҳандислик-технология институти талабалари билан учрашди
17:31 / 2021-01-20

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган “Ёшлар форуми”даги нутқи ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида асосий эътиборни ёшларни келажаги, уларни сифатли таълим олиши ҳамда келгусида замон талабларига муносиб кадрлар бўлиб етишиши учун етарли шароитларни яратиш каби муҳим масалаларга қаратди. Айниқса, вазирлар, вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва бошқа даражадаги раҳбарлар жойларга бориб, ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиши ва ечимига кўмаклашиши лозимлиги ҳақидаги фикрлари ҳар бир ёшни ўз келажаги учун манфаатли режалар тузишга ундади.

Бошқарув кадрларини танлаб олиш, саралаш йўналишида белгиланган вазифалар ижроси давлат бошқарувини замон талаби даражасига чиқаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва саралаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди”.

Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасидан иқтидорли ва илмий салоҳиятли ёшларни аниқлаш, давлат фуқаролик хизматига иқтидорли ёшлар ва аёл-қизларни кенг жалб этиш, истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш, ёшларнинг таклиф-истакларини ўрганиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали томонидан жойларда соҳалар бўйича давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.  

Ана шундай тадбирлардан бири Наманган муҳандислик-технология институтида вилоятдаги қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган бошқарув органларининг раҳбарлари, йирик кластерлар ва соҳага тааллуқли тадбиркорлар вакиллари иштирокида ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали раҳбари Шуҳратжон Тўхтабоев номзодларни давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилишда касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни танлаб олиш ҳамда уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилишини назарда тутувчи тамойил қўлланилаётганлиги, хусусан, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасида мавжуд вакант лавозимларига танлов эълон қилинганлиги, унинг босқичларидан муваффақиятли ўтган мутахассисларгина лавозимларда ишлаш имкониятига эга бўлганлиги тўғрисида маълумот берди.

Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Анваржон Ҳакимов ўз сўзида аграр соҳада бугунги кунда эришилаётган ютуқлар ва соҳадаги мавжуд муаммолар, замонавий кадрларга бўлган эҳтиёж, маҳаллий хомашёларни (пахта ва табиий толаларни) қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, олий таълим муассасаларининг битирувчиларини амалиёт ўташлари учун яратилган шароитлар, келгусида уларни иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Очиқ мулоқотда институтнинг қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олаётган талаблар ёшлар вилоятдаги аграр тармоқда фаолият юритаётган раҳбарлар ҳамда йирик ишлаб чиқарувчилар вакилларига мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

Шунингдек, тадбир давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги замонавий техникалар ва маҳаллий тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш маҳсулотлари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА