Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоятда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда
18:49 / 2025-07-30

Жорий йил Жиззах вилоятида ижтимоий соҳа обектларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Шуҳрат Жўраев ҳамда вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК ДУК директори Достонбек Қоплоновлар билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Унда жорий йил бошидан вилоятда ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини модернизация қилиш, қуриш ва таъмирлаш ишлари кенг кўламда олиб борилаётгани, ушбу жараён вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг турмуш сифати ва қулай ҳаёт муҳитини таъминлашга қаратилгани, жорий ислоҳотлар ва инвестиция дастурлари асосидаги лойиҳалар орқали қурилиш ишлари жадаллик билан бошлаб юборилганлиги, улар шаффофлик ва аниқ режалар асосида амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Мазкур йўналишда “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси давлат унитар корхонаси (ИК ДУК) томонидан 1 триллион 61 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига 177 тадан ортиқ ижтимоий ва иқтисодий соҳа объектларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – деди ушбу корхона директори Достонбек Қоплонов. – Мактаблар, боғчалар, олий таълим муассасалари, шифокор пунктлари, поликлиникалар ва тез ёрдам марказлари қурилаётгани билим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги инфратузилмани тубдан янгилашга хизмат қилмоқда. 

Болалар ва ёшлар учун замонавий таълим муҳити яратилмоқда, тиббий хизмат эса аҳолига янада яқин ва сифатли бўлиб бораяпти.

[gallery-24548]

Шунингдек, спорт инфратузилмасини ривожлантириш орқали ёш авлодни соғлом ҳаёт тарзига жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, спорт заллари, очиқ майдонлар ва сузиш ҳавзалари барпо этилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларида олиб борилаётган реконструкция ишлари аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни мақсад қилгани эса таҳсинга лойиқ. Уй-жой фондини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари эса хавфсиз ва барқарор яшаш шароитини шакллантиришга хизмат қилаётир.

– Вилоятимизда амалга оширилаётган ишлар Президент қарорлари, давлат инвестиция дастури ва маҳаллий қарорлар асосида тизимлаштирилган, – деди Шуҳрат Жўраев – Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 31 декабрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ривожланиш соҳаларидаги стратегик таҳлил ва тадқиқот қилиш фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жами 91 миллиард 700 миллион сўмлик шартномалар имзоланган 17 та лойиҳа ишга туширилди. 

Бундан ташқари, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 59 миллиард 700 миллион сўмлик 58 та объект қамраб олинган. 2025 йилги давлат инвестиция дастурига мувофиқ 17 та объект учун 271 миллиард 500 миллион сўм ажратилган.

“Очиқ бюджет” дастури доирасида 27 та объектда 24 миллиард 700 миллион сўмлик қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар ҳисобига 28 та объект учун 455 миллиард 900 миллион сўм йўналтирилган.

2024 йилда бошланиб, жорий йилда давом эттирлаётган 25 та объектда 58 миллиард 500 миллион сўм миқдоридаги ишлар амалга оширилади. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорлари асосида 26 миллиард сўмлик “дривер” лойиҳалар, шунингдек, қўшимча молиялаштириш билан 73 миллиард 600 миллион сўмлик 14 та янги объектда ҳам ишлар бошлаб юборилган.

Буларнинг барчаси Жиззах вилоятини замонавий, барқарор ва инсонпарвар ҳудуд сифатида ривожлантиришга қаратилган, жойлардаги амалий натижалар эса бунинг исботидир.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари