Кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлиги муҳофазаси ҳамда тиббий хизмат сифатини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан тиббиёт соҳасига қаратилган алоҳида эътибор натижасида тизим ходимларининг иш ҳақлари босқичма-босқич оширилди. Шунингдек, соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.


Мазкур йўналишда Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Жорий йилда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида инвестиция дастури ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 130 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Шохруҳмирзо Мамажонов. – Натижада тиббиёт ходимларининг самарали фаолият юритишлари, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари янада кенгайди.

Жумладан, якунланган йилда Балиқчи тумани тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг қабулхона бўлими, Булоқбоши тумани тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар ҳамда фавқулодда тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари, Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси 6-сонли оилавий поликлиникаси, Андижон, Марҳамат туманлари тиббиёт бирлашмалари юқумли касалликлар бўлимлари биноларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, улар фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, даволаш-профилактика муассасаларидаги 53 та таъмирталаб санитария-гигиена шохобчаси таъмирланди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 17 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий аппарат ва ускуналар билан таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида вилоятдаги тиббиёт муассасаларига жами 43,1 миллиард сўмлик 72 турдаги 1 минг 77 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилди. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиали, Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиали ангиограф аппаратлари билан таъминланди. Шунингдек, Қўрғонтепа, Шаҳрихон ва Асака туманлари шифохоналарига МСКТ аппаратлари, тиббиёт бирлашмалари жарроҳлик бўлимларига эса лапароскопик ускуналар ўрнатилди.

Якунланган йилда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамлар кўрсатиш тури ва кўлами ҳам бирмунча ортди. Даволаш-профилактика муассасаларида 90 турдаги каминвазив, 24 турдаги янги жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, шунингдек, 129 турдаги юқори технологик операцияларни амалга ошириш йўлга қўйилди.
Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида 30 нафар, Шаҳрихон ва Қўрғонтепа туманларида 1 нафардан беморларда буйрак трансплантацияси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жигар трансплантацияси операцияси муваффақиятли амалга оширилди.

Вилоят тиббиёт муассасаларида янги турдаги мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилиши аҳоли учун катта қулайлик яратди. Натижада эндиликда андижонлик беморлар бундай амалиётлар учун пойтахтга ёки хорижий давлатларга бориш заруратидан халос бўлмоқда.
Касалликлар профилактикаси, мақсадли скрининг текширувларни ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили вилоятда 1 миллион 110 минг нафардан зиёд фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 121 минг 586 нафари диспансер назоратга олинди. Шунингдек, 111 минг 268 нафари амбулатор тарзда, 8 минг 376 нафари туман ва шаҳар марказий шифохоналарида, 1 минг 767 нафари вилоят, 175 нафари республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволанди.
Қандли диабет хасталигини аниқлаш бўйича 991 минг 171 нафар 40 ёшдан ошган фуқаро скрининг текширувидан ўтказилди. Текширувлар натижасида 4 минг 632 нафар фуқарода қандли диабет хасталиги, 19 минг 77 нафар фуқарода семизлик, ортиқча вазн ҳолати аниқланди. Ушбу фуқароларнинг барчаси амбулатор ва стационар тарзда соғломлаштиришга жалб этилди.
Шунингдек, 45-65 ёшдаги аёллардан 40 минг нафарга яқини кўкрак бези саратони бўйича текширувдан ўтказилди. Уларнинг 26 нафарида касаллик эрта босқичда аниқланди. Бундан ташқари, 35 минг нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони бўйича текширилди. Улардан 39 нафарида касаллик эрта босқичларда аниқланди. Ушбу беморлар диспансер назоратига олиниб, ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказлари ҳудудий филиалларига даволаниш учун юборилди.
Вилоятда мактабгача таълим ҳамда мактаб таълими муассасалари тарбияланувчи ва ўқувчилари, шунингдек, 2–10 ёшли болалар режа асосида тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширувлар давомида турли касалликлар аниқланган болалар даволанишга жалб этилди.
Тиббий хизмат сифати ва даволаш-профилактика ишлари самарадорлигини оширишда шифокорларнинг билим ва малакаси муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, вилоятда ўтган йили мутахассисларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ишлар тизимли равишда олиб борилди. Жумладан, 1 минг 500 нафардан ортиқ мутахассис республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва бир қатор хорижий давлатларда бўлиб, малака ва тажрибасини ошириб қайтди.
Тиббиёт соҳасида вилоятда амалга оширилаётган юқоридаги каби ишлар, қолаверса, соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида халқимиз саломатлигини сақлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савияси яхшиланиб бормоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари