Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Вилоят судлари кубоги” мусобақаси ўтказилди
16:30 / 2025-11-26

Андижон вилоятида суд органлари ходимлари ўртасида футбол бўйича “Андижон вилоят судлари кубоги” мусобақаси ташкил этилди. Тадбир жамоатчилик ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, иш жойларида жисмоний фаолликни ошириш, жамоалар орасида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилди.

Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Судья ва суд аппарати ходимларининг маънавияти ва маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси” ижроси доирасида Андижон вилояти суди, маъмурий суд ҳамда туманлараро ва туман (шаҳар) судлари жамоалари иштирокида ўтди.

Беллашувлар кўтаринки руҳда, муросасиз рақобат ва жипслашган ўйин услуби билан кечди. Ҳар бир учрашув иштирокчиларга дўстлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини улашди.

Мусобақа якунига кўра, биринчи ўринни Андижон вилояти суди жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Балиқчи, Олтинкўл, Избоскан ва Пахтаобод туман судлари, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди ҳамда Избоскан туманлараро иқтисодий суди жамоасидан иборат таркибга насиб этди. Учинчи ўрин эсa Хонобод, Қўрғонтепа ва Жалақудуқ туман судлари, фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди ҳамда Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий суди жамоаларидан ташкил топган таркибга берилди.

Тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндор жамоаларга Андижон вилоят суди раҳбарияти томонидан кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ушбу спорт тадбири судьялар ва суд аппарати ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлаш ҳамда жамоавийлик муҳитини кучайтиришга хизмат қилди. Бундай ташаббуслар тизимда соғлом муҳит ва самарали меҳнат фаолиятини таъминлашда муҳим омил бўлиб қолади.

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари