Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоят шифохонаси қайта қурилмоқда
16:44 / 2025-08-05

Наманган вилоятида бундан юз йил олдин барпо этилган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида кенг кўламли реконструкция ишлари бошланди. 1914 йилда қурилган мазкур шифо маскани ҳозирги кунда 395 ўринли стационар бўлимлар, 100 қатнов қувватига мўлжалланган поликлиникадан иборат. Тиббий марказда 14 та даволаш бўлими ҳамда ёрдамчи бўлимлар фаолият юритиб келмоқда.

2025 йил инвестиция дастури доирасига шифохонанинг учта биносидаги 185 ўринли даволаш бўлимларини таъмирлаш учун 18 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, айни вақтда пудратчи томонидан таъмирлаш ишларига киришилган. 

Янги қуриладиган бинода тиббиёт кластери яратилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса ўз навбатида, хорижий давлатларда амалга оширилаётган мураккаб буйрак ва жигар трансплантация (кўчириб ўтиш) жарроҳлик амалиётларини юқори малакали чет эл мутахассисларини жалб этган ҳолда амалга ошириш имконини беради. 

Қолаверса, барча юқори технологик амалиётларни вилоят шифохонасини ўзида пойтахтимиз Тошкент шаҳрига бормасдан туриб амалга ошириш имконияти юзага келади. Бунинг натижасида беморларга қулай, сифатли тиббий хизмат кўрсатилишига эришилади. 

Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ўрганишлар жараёнида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаги қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Марказни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.