ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида “Ёшлар — бизнинг бугунимиз, эртамиз ва келажагимиз” мавзусида вилоят прокурори Бахтиёр Исмоиловнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда таълим муассасалари ўқувчилари, талабалар, фаол ёшлар ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этди.
Тадбир давомида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят прокурори ўз нутқида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга оширилаётгани, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади. Шунингдек, ёшларни қонунбузарликдан асраш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим вазифа эканини қайд этди.
Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, бандлик, таълим, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ҳуқуқий масалалар юзасидан атрофлича жавоблар олдилар. Илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилиши таъкидланди.
[gallery-27411]
Якунда жамоат ишларида фаол иштирок этган, ташаббускор ёшларга вилоят прокурори томонидан эсдалик совғалари топширилди. Қайд этилганидек, бундай очиқ мулоқотлар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш ҳамда келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА