Сурхондарё вилоят прокуратурасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуман доирасида иштирокчилар учун вилоят прокуратурасига пресс-тур ташкил этилди. Унда иштирокчилар жисмоний ва юридик шахслар қабули учун яратилган шароитларни кўрди. Вилоят прокуратураси фаолияти, янги ташкил этилган музей ҳамда маънавият-маърифат бурчаги билан танишди.
Жисмоний ва юридик шахслар қабулхонасида мурожаатчилар билан ишлаш учун барча шароит яратилган. Кутиш зали, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бурчаклари мавжуд. Ёш болали оналарнинг фарзандлари учун алоҳида хона ташкил этилиб, мебель ва ўйинчоқлар билан жиҳозланган. Ходимларнинг вақтини тежаш учун сартарош хизмати йўлга қўйилган. Ҳафтанинг ҳар жума куни ходимлар шу ернинг ўзида сартарошхона хизматидан фойдаланиши мумкин.
Вилоят прокуратураси ҳовлисидаги кўркам боғ ва гулзорлар, жисмоний соғломлаштириш майдонлари ҳам пресс-тур қатнашчиларига жуда манзур бўлди. Тезкор ходимларнинг саф тайёргарлиги амалиёт майдончаси, хизмат кийимлари турлари ва янги ишга қабул қилинаётган ходимларнинг қасамёд қабул қилиш тартиблари билан таништирилди.
[gallery-14752]
Янги ташкил этилган музейда прокуратура органларининг ўтмиши ва бугуни акс эттирилган бўлса, маънавият-маърифат маркази, айниқса, ёш ходимлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
–Прокуратура органларини халқимиз барча учун очиқ бўлмаган идора сифатида тасаввур қилар эди,–дейди вилоят “Сурхон тонги” газетаси мухбири Адолат Мўминова.–Кейинги йилларда соҳада юз берган ўзгаришлар прокуратурани одамларга жуда яқинлаштирди. Халқчил прокуратура ташкил этилди. Ушбу пресс-тур жараёнида биз бу янгиланишга яна бир марта ишонч ҳосил қилдик. Ходимлар билан суҳбат чоғида уларнинг самимий ҳаракатлари ва муомила маданиятидан бир олам таассурот олдик. Музей ҳамда маънавият-маърифат хонаси ҳам соҳага нисбатан катта қизиқиш уйғотди.
Матбуот анжуманида вилоят прокуратураси органлари томонидан 2023 йилнинг ўтган даврида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти слайдлар орқали тушинтирилди.
Жорий йилнинг ўн ойида вилоятда 4 минг 83 жиноят содир этилган. Жиноятлар секторлар бўйича таҳлил қилинганида, уларнинг 1 минг 52 таси биринчи, 1 минг 6 таси иккинчи, 1 минг 56 таси учинчи ва 969 таси тўртинчи секторга тўғри келган. Жиноятларнинг 50 фоизи Термиз шаҳри, Денов, Жарқўрғон ва Шўрчи туманларида содир этилган.
Вилоят прокуратураси ижтимоий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими ўн ойда соҳадаги қонунчилик ижроси юзасидан 22 та назорат тадбири ўтказиб, қонунга зид бўлган ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилиш ёки қонунчиликка мувофиқлаштириш бўйича 106 та протест киритган. Қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш учун ваколатли органларга 26 та тақдимнома киритиб, 39 нафар мансабдор шахс интизомий, 36 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан иккита жиноят иши қўзғатилган. 20 миллион 896 минг сўмлик етказилган зарар ихтиёрий қопланган. 3 минг 625 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Матбуот анжуманида, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва вилоятнинг иккинчи секторида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилиб, видеоматериаллар намойиш этилди, тақдимотлар ўтказилди. Журналист ва блогерларга Ўзбекистон Республикасининг Янги Конституцияси китоблари туҳфа қилинди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири