Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
​Вилоят ҳокими олис қишлоқ аҳолиси билан учрашди
18:49 / 2019-11-15

Олот тумани марказида Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев бир неча бор сайёр қабул ўтказган. Лекин аҳоли билан бу галги мулоқот манзили Олот шаҳридан 22 километр олисда жойлашган “Баландмасжит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди бўлди.


Халқ билан мулоқот

Олот тумани марказида Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев бир неча бор сайёр қабул ўтказган. Лекин аҳоли билан бу галги мулоқот манзили Олот шаҳридан 22 километр олисда жойлашган “Баландмасжит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди бўлди.

Чекка қишлоқлар аҳли турмуш шароити, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш аҳволи қандайлиги, кишиларни кўпроқ қандай муаммолар қийнаётгани билан жойида танишиш жуда муҳим.

Айни кунда “Баландмасжит” ва унинг атрофидаги қишлоқ аҳлининг каттагина қисми фермер ва деҳқон хўжаликларида деҳқончилик ва чорвачилик билан машғул. Лекин ҳудудда вақтинча ишсизлар анчагина. Учрашувда аҳоли вакиллари ана шу муаммони кўтаришди.

Мулоқотда мазкур долзарб масала муҳокама қилинар экан, туманда яқин икки-уч ойда агрокластер тизимида чигитни қайта ишлаш корхонасини ишга тушириш ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш натижасида уч юздан зиёд янги иш ўринлари яратилиши таъкидланди. Бундан ташқари, “Баландмасжит“ марказида 100 нафардан зиёд хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган тикувчилик цехини ташкил этиш режаси ҳам ишлаб чиқилади.

photo5366469127507651634.jpg

Яна бир муаммо ўртага ташланди. Гап йўлларнинг таъмирталаблиги билан боғлиқ. Аслида, вилоят ташкилотлари раҳбарлари маҳаллага келаётиб, бу муаммо нафақат йўловчиларга, балки автоулов қийинчилик туғдиришини ҳис этишди. Дарҳақиқат, ҳудуднинг ҳаёти билан боғлиқ ижтимоий объект ночор аҳволда.

Мулоқотда вилоят раҳбари қишлоқнинг марказий йўли ва унинг ичкарисига ҳамда қабристонга борадиган қисмига қум-шағал ётқизиш масаласи бир ҳафтада ҳал бўлишини таъкидлади.

Маҳалла ҳудудда ҳамманинг бошини қовуштиради. “Баландмасжит” МФЙда 550 дан зиёд оила бўлиб, унда қарийб 2000 киши истиқомат қилади. Лекин ижтимоий-маънавий муҳит, тинчлик ва осойишталик учун масъул бўлган йиғиннинг ўзида тегишли қулайлик яратилмаган.

Маҳалла биноси ҳудуддаги мактабнинг бир хонасида жойлашган. Бу турли масалалар билан келадиган фуқароларни қабул қилиш, тадбирлар ўтказишда қийинчилик туғдиради. Маҳалла фаоллари шу масалада ёрдам берилишини сўради.

photo5366469127507651635.jpg

Бу масала ҳам ҳал этиладиган бўлди. 2020 йилда маҳалла биноси қурилиши маълум қилинди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатига кўра, қишлоқ врачлик пункти ва мактабгача таълим муассасаси бинолари қурилиши бўйича таклифлар кўриб чиқиладиган бўлди.

Мулоқотда “Баландмасжит” МФЙ ва унинг атрофидаги маҳаллаларда яшовчи ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар вакилларининг мурожаатлари ҳам эшитилди. Айрим муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Масалан, Давлатбой қишлоғилик кам таъминланган оила бекаси Дурдихол Холлиева хонадонига ҳомийлик тариқасида бир тонна тошкўмир етказилиб берилди.

Учрашувда фуқаролар саломатликларини тиклаш, моддий ёрдам кўрсатиш ва ногиронлик аравачаси билан таъминлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳам мурожаат қилишди. Туман ҳокимлигига, вилоят тегишли бошқарма ва муассасаларига кўтарилган муаммоларни ҳал этиш чораларни кўриш вазифаси юклатилди. Уларнинг ижроси вилоят ҳокими назоратида бўлади.

Қабул доирасида чекка қишлоқлар аҳолиси учун чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик ҳамда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Шу ернинг ўзида хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Қишки мавсум учун арзон ва сифатли кўмир ғамлаб қўйиш имконияти ҳам яратилганидан одамлар хурсанд.

photo5366582402975116185.jpg

Мутолаага қизиқувчан аҳоли, айниқса ёшлар учун китоблар кўргазмаси ҳам эътиборли жиҳат бўлди. Таъкидлаш жоиз, вилоят ҳокимининг “Баландмасчит”га ташрифи дастури шулар билан чекланмади. Мутасаддилар ҳудуддаги 6-умумтаълим мактабида бўлиб, муассасанинг моддий-техник базаси билан танишди. Зарур дарсликлар ва бадиий адабиётлар фондини бойитиш, компьютер ва ахборот технологияларига бўлган эҳтиёжни қондириш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсия берилди.

Шунингдек, мазкур таълим даргоҳида жойлашган 279-сайлов участкасининг катта сиёсий жараёнга тайёргарлиги билан танишиш асносида, фуқароларнинг сиёсий билимини ошириш зарурлиги ҳам таъкидланди

Вилоят ҳокими ҳудуддаги туғма юрак нуқсони билан хасталанган 30 ёшли Иномжон Бобоев хонадонига ташриф буюрди. Оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

“Давлатбой” МФЙ ҳудудидаги 7-мактабгача таълим муассасасига ташриф чоғида, унинг биносини таъмирлаш учун келгуси йилда 200 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Бундан ташқари, ҳудуддаги қишлоқ врачлик пункти филиали муаммоларига ҳам эътибор қаратилди.