Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар рўйхатга олинди
09:11 / 2024-09-20

Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.  

Комиссия раиси З.Алимардонова бошқариб борган йиғилишда таъкидлангандики, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги 50 та сайлов округига бешта сиёсий партиянинг ҳар биридан бир нафардан 250 номзод тўғрисидаги аризалар “Е-сайлов” тизими орқали ҳудудий комиссияга юборилган. Йиғилишда уларни халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Уларнинг 54 нафари 30 ёшгача, 92 нафари 30-45, 86 нафари 45-60 ёшгача бўлган ва 18 нафари 60 ёшдан юқори номзодлардир. 105 нафар ёки 42 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.  

Йиғилишда, шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жорий йилнинг 22 сентябридан бошланиши ҳамда мазкур жараён сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида тўхтатилиши маълум қилинди.  

Сайловолди ташвиқот даврида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга Сурхондарё вилояти телевидениесида ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти, “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” вилоят газеталарида бир хил нашр майдони бепул ажратилиб, тенг шароитлар таъминланиши қайд этилди.  

Рўйхатга олинган номзодлар ҳақидаги маълумотлар расмий веб-сайт ва маҳаллий матбуотда эълон қилинади.  

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири