Самарқанд вилоят ҳокими А.Бобоев Янги йил муносабати билан туман ва шаҳарларда бўлиб, нуронийлар ва фаоллар, беморлар ва эҳтиёжманд оилалар, беморлар ҳолидан хабар олди, уларни байрам билан табриклади.
Жумладан, Каттақўрғон шаҳридаги Яккабоғ маҳалласида уй-жойга эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар учун ҳомийлик асосида қурилган 14 хонадонда истиқомат қилаётган оналар ва уларнинг фарзандлари яшаш шароити билан танишиб, уларга байрам совғалари улашди. Бу ерда яшаётган хотин-қизлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва доимий иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Маҳаллада ташкил этилган аёллар соғломлаштириш маркази сингари масканларни кўпайтириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Самарқанд шаҳрида маъмурий тартибда ҳибсга олинган шахсларни сақлаш учун махсус қабулхонада жазо ўтаётган фуқароларни байрам билан табриклади.

– Биламан, сизлар Янги йилни шу ерда кутиб олаётганингиздан афсусдасиз, буни кутмагансиз ва, албатта, бундан тегишли хулоса чиқариб ҳам олгансиз, – деди А.Бобоев. – Хато қилмайдиган инсон йўқ, ҳамма гап бу хатолардан хулоса чиқаришда. Бундан буён Янги йилни доим оила бағрида, ота-она, фарзандлар билан бирга нишонлаб юринг.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири