Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Вилоят ҳокими ёшларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтди
10:37 / 2021-01-19

Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов Учқудуқ туманида ёшлар билан учрашиб, уларнинг ютуқ ва муаммолари билан қизиқди.

Ташрифнинг биринчи манзили 20-умумий ўрта таълим мактаби бўлди. Бу ерда 11-синф ўқувчилари билан мулоқотлар давомида илм эгалланг, ҳунар ўрганинг, ташаббускор бўлинг, мақсадларингизни дунёга баралла айтинг, ёшларнинг жамиятдаги ўрнини айнан сиз белгиланг. Биз эса ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, – деди вилоят раҳбари.

“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида шу мактабнинг собиқ битирувчиси Нурбек Эргашов ҳам таклиф қилинган. У бир қатор хорижий олийгоҳлар талабаси бўлган.  

Учрашувда Нурбек тенгдошларига қўлга киритган ютуқлари, мақсади йўлида қилган меҳнатлари ва ўқиш-изланишлари ҳақида гапириб берди. Отаси Илҳом Бўронов эса фарзандининг ютуқларидан ота сифатида кўнгли тоғдек юксалганини, у билан фахрланишини таъкидлади.

– Пандемия сабаб, Америкадаги ўқишимни кейинги йил давом эттирмоқчиман. Ҳозир эса учқудуқлик ёшларга ўз билимим ва тажрибамни ўргатиш ниятидаман. Ўқув курси ташкил этиш орқали ўзим сингари ёшлар сафини кенгайтирмоқчиман, – дейди Нурбек Эргашов.

Вилоят ҳокими Қ.Турсунов томонидан ўқув курсини ташкил этиш учун Нурбек Эргашовга туман марказида жойлашган “Кеlаjак” ёшлар марказидан хона ажратилди ҳамда планшет ва ноутбук совға қилинди.  

Шунингдек, вилоят ҳокимининг яна бир совғаси сифатида Нурбек билим олган 20-умумий ўрта таълим мактаби жорий йилда қайта реконструкция қилинадиган бўлди.

Ҳоким “Мингбулоқ” овулига ташрифи давомида овул ёшлари, нуроний отахон ва онахонлар билан суҳбат чоғида овулдаги мавжуд муаммолар билан қизиқди. Овул вакилларидан Кунсулу Утебаева ёлғиз ногирон қизи билан таъмирталаб уйда яшаётганлиги боис, қурилиш-таъмирлаш ишларида, Тинимкул Нуртаева эса онаси − биринчи гуруҳ ногирони Турсинкул Нуртаевага ёлғиз ўзи қаровчи бўлиб, уйида сув иситиш учун шароит йўқлигини айтиб, “Ariston” сув иситиш мосламасини ўрнатишда амалий ёрдам сўради. Шунингдек, Бибижамал Ермаханова овулнинг ёш болалари учун замонавий ўйин майдончаси, спортсевар ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун сунъий қопламали спорт майдони қуриш таклифини илгари сурди.

Мулоқотлар чоғида айтилган таклифларнинг ечими хусусида вилоят раҳбари мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Жорий йил якунига қадар Мингбулоқ овулида замонавий ўйин майдончаси ва сунъий қопламали спорт майдони қуриладиган бўлди.

− Бундан уч йил олдин Навоий давлат педагогика институтининг тўртинчи босқичида ўқирдим. Оиламиз катта бўлиб, ота-онам контракт пулини тўлашда анча қийналиб қолишганди. Вилоят ҳокими овул аҳолиси билан учрашув чоғида отам тўлов масаласида кўмак сўраганди. Шунинг учун  қийналиб қолган талабани моддий қўллаб-қувватлаган вилоят ҳокимига ўз миннатдорлигимни билдираман. Мана икки йилдирки, олийгоҳни тамомлаб, овулдаги 11-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга қозоқ тили ва адабиёти фанидан дарс бермоқдаман. Шу билан бирга, мактаб ёшларига етакчиман, − дейди Ерлан Қонарбаев.

Шунингдек, учрашувда ҳудуддаги кам таъминланган ижтимоий-тиббий ҳимояга муҳтож оилаларга ногиронлик аравачаси, электр печь ва кийим-кечаклар берилди.

Бир сўз билан айтганда, тадбир байрамга айланиб кетди. Унда миллий урф-одат ва анъаналар намойиш қилиниб, дўмбира жўрлигида куй-қўшиқлар ижро этилди.

Айниқса, эл суйган хонанда Қодир Жўрақуловнинг чиқишлари овулдошларга бирдек манзур бўлди. Қозоқ халқининг суюкли композитори Шамши Қалдаяқовнинг қўшиқларига барча жўр бўлди.

Вилоят ҳокими Қ.Турсунов Мингбулоқ овул фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган “Қыз жасау” номли тикув цехига ташриф буюриб, тикувчи қизлар билан суҳбатлашди.

Ҳозирда ушбу цехда ўнга яқин овул аёллари миллий кийимлар, кўрпа-тўшаклар, буюртмага асосан туя жунидан тикилган ва тўқилган маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.

Айтиш жоизки, ташкил қилинган тикувхона овул аёлларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлаш, даромад топишларига кўмаклашишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

– Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар қадриятларимизнинг узвий давоми бўлиб, бой маданий меросимизни ёшларга ўргатиш ва улар ўртасида кенг тарғиб қилишда ҳам катта аҳамиятга эга, – дейди “Қыз жасау” тикув цехи раҳбари Рима Абдикаримова. – Шунинг баробарида, тикувчи қизларимиз маҳсулотларимизни замонавий безаклар билан бойитишга ҳам интилмоқда.

Шу куни вилоят ҳокими Қ.Турсунов цех тикувчиси Зуҳра Жумамуратовага тикув машинаси совға қилди.

Вилоят ҳокими Қ.Турсунов “Қуванч – Даврон” фермер хўжалигида бўлиб, фермер хўжалиги раҳбари Танатар Алдабаев билан қишловнинг бориши, чорва мол боши сонини кўпайтириш, соҳада мавжуд муаммолар хусусида суҳбатлашди.  

Ҳозирда хўжаликда 40 бош туя, 10 бош йилқи, 500 бош майда шохли мол парваришланмоқда.  

Вилоят ҳокими Қ.Турсунов Мингбулоққа ташрифи доирасида Ширинкул аже Смайлова хонадонида бўлди. Дарвоқе, қозоқ халқида ёши улуғ онахонларни аже, дейишади улуғлаб.

Онахон турмуш ўртоғи А.Турдимуратов билан елкама-елка туриб, 40 йил чўпонлик қилган. Чорванинг ҳадисини олган бу онахон ўғли Сайдмамут Турдимуратовга ҳам яқин маслаҳатчи ва кўмакдош бўла олди. Ҳалол меҳнати орқасида эъзоз топган С.Турдимуратов “Шуҳрат” медали “ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор” фахрий унвони билан тақдирланган. Афсуски, бевақт касаллик ана шундай ажойиб фарзанд, жонкуяр чорвадор Сайдмамут Турдимуратовни орамиздан барвақт олиб кетди.

Вилоят ҳокими Қ.Турсунов Ширинкул аже Смайлова билан суҳбатлашар экан, ана шундай меҳнаткаш, юртга фидойи фарзанд тарбиялаб вояга етказгани учун миннатдорлик билдирди.

Абдували Бўриев, ЎзА